Интеллектуал мулк агентлиги бош директорининг буйруғи (2017 йил 23 ноябрда 2950-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Селекция ютуғи патентининг амал қилишини тиклаш қоидалари тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Ҳужжат 14.09.2017 йилдаги  ЎРҚ-446-сон Қонуннинг тегишли моддалари ижроси юзасидан қабул қилинган. Қоидалар патентнинг амал қилишини сақлаб турганлик учун патент божлари белгиланган муддатда тўланмаганлиги сабабли амал қилиши тугатилган селекция ютуғи патентининг амал қилишини тиклаш тартибини белгилайди.

Белгиланган шаклдаги илтимоснома патент эгаси ёки унинг вакили томонидан Интеллектуал мулк агентлигига (Агентлик) патентнинг амал қилиши тугатилган санадан эътиборан 3 йил ичида, бироқ патентнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар топширилади.

Илтимосномага тегишли йилда патентни ўз кучида сақлаб туриш учун патент божи тўланганлиги ҳамда патентнинг амал қилишини тиклаш учун белгиланган миқдорда патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Патентнинг амал қилишини тиклаш ва патентни ўз кучида сақлаб туриш учун бож тўланганлик ҳолати битта тўлов ҳужжати билан тасдиқланиши мумкин.

Илтимоснома ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар Агентликка бевосита, почта алоқа воситалари орқали ёки ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда электрон шаклда тақдим этилади. Ҳужжатлар Агентликка келиб тушган кундан эътиборан 15 кунлик муддат ичида кўриб чиқилади.

Патентнинг амал қилиши тикланганидан кейин бу тўғридаги маълумотлар тегишлича:

•  Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади;
•  Ўсимлик навлари давлат реестри ёки Ҳайвон зотлари давлат реестрига киритилади;
•  патент эгасига ёки унинг вакилига патентнинг амал қилиши тикланганлиги тўғрисида билдиришнома юборилади.

Ҳужжат 15.03.2018 йилдан кучга киради.