Вазирлар Маҳкамасининг  21.11.2017 йилдаги 927-сон “Тошкент шаҳар аҳолисини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Ҳужжат билан «Toshkent agro zaxira xizmat» давлат унитар корхонасини ташкил этиш маъқулланди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги унинг муассиси бўлади.
 
Корхонанинг вазифалари орасида – Тошкент аҳолисига, жумладан аҳоли яшаш мавзеларига асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини ўз вақтида етказиб бериш ва сотиш,  ички истеъмол бозорида маҳсулотлар нархларини барқарорлаштириш, шунингдек қиш ва баҳор мавсумида уларнинг сунъий равишда ошиб кетишини олдини олиш.
 
Етарли даражада маҳсулотлар захирасини етиштириш учун корхонага Тошкент вилояти Оҳангарон туманида («Бирлик», «Шодмалик», «Ғаллақудуқ» ва «Дўстлик»  массивлари) ер участкалари ажратилади:

•  қишлоқ хўжалиги фаолияти учун 10 минг гектардан кам бўлмаган ер участкалари;
•  чорвачилик фаолиятини амалга ошириш учун 20 минг гектардан кам бўлмаган ер участкалари.
 
Ушбу ер участкаларидаги ишларда фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари маҳаллий туман ҳокимлиги,  «Toshkent agro zaxira xizmat» ДУК ва тадбиркорлик субъектлари (фермер хўжаликлари) ўртасида тузилган уч томонлама шартнома асосида иштирок этишлари мумкин.
 
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг яшаш мавзеларида намунавий лойиҳадаги кичик енгил типдаги савдо дўконларини (дала дўконларини)  ўрнатишга рухсат берилди. Уларда деҳқон ва фермер хўжаликлари ўзи етиштирган маҳсулотларни сотади.
 
Ҳужжат 25.11.2017 йилдан кучга кирди.