Владимир Путин Қирғзистон президенти биринчи ташрифини Россияга амалга оширганидан хурсанд эканини маълум қилди. Бугун Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбековнинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан учрашуви бўлиб ўтди.

«Сизни Москвада қабул қилганимдан жуда мамнунман. Яна бир бор сизни табрикламоқчиман. Сиз тажрибали инсонсиз, ҳукуматни бошқаргансиз. Сизнинг ишингиз туфайли Қирғизистон ЕОИИга кирди. Қирғизистондан Россияга маҳсулот етказиб бериш ҳажми икки баробарга ошди, товар айланмаси 32 фоизга ортди», - деди Владимир Путин.

«Бу яхши кўрсаткичлар, улар, умид қиламанки, бундан кейин ҳам ривожланиб боради. Сиз биринчи ташрифни Россияга амалга оширганингиздан жуда хурсандман, ҳамда бизда ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш имконияти бор», - дея айтиб ўтди Россия Федерацияси президенти.

«Шундай бўлиши ҳам керак. Биринчи ташриф айнан Россияга амалга оширилиши керак эди. Мен ўз томонимдан стратегик шериклик мустаҳкамланиши учун максимум саъй-ҳаракатни амалга ошираман. Россия ва Қирғизистон 25 йил давомида кўп синовлардан ўтди. Қирғизистонда айниқса 2010 йилда жуда мураккаб вазият юз берганди. Халқ ва мамлакат раҳбарияти туфайли биз тинчлик ҳамда барқарорликни қайтаришга муваффақ бўлдик. Бунда Россиянинг ҳам хизмати бор. Халқ сизнинг ёрдамингиз ва қўллаб-қувватловингизни юқори баҳолайди. Биз бу йўналишда қатъий ишлаймиз», - дея таъкидлаб ўтди Сооронбай Жээнбеков.

Шунингдек, Сооронбай Жээнбеков Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев билан ҳам учрашди. Медведев Жээнбековни президент лавозимига сайлангани билан табриклади. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги даражага чиққан.