АҚШ яқин орада Сурияда 2,5 ой хизмат ўтаган 400 дан кўпроқ денгиз пиёда аскарини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетади. Бу ҳақда АҚШ ва иттифоқдош кучлар операцияси вакили Райан Диллон маълум қилди.    

“Биринчи батальон, 10-денгиз полки аввалги бўлинманинг ўрнига бу ерга 15 сентябрда келганди. Денгиз пиёда аскарлари Раққада ИШИД жангариларига қарши жангларда коалиция бўйича шерикларини артиллерия ўти билан қўллаб-қувватлашган. Шаҳар озод этилиб, террорчилар чекинганда бўлинмани уйга қайтариш буйруғи олинган”, деб маълум қилди қўмондонлик вакили.    

“Бу бўлинманинг ортга қайтарилиши минтақадаги ҳақиқий тараққиёт ишорасидир”, деб қўшимча қилган Диллон ва АҚШнинг қолган кучлари ИШИД террорчилик ҳаракатининг яна вужудга келиши олдини олиш учун жангарилар билан курашни давом эттиришларини таъкидлаб ўтди. 

2013 йилдан бошлаб Раққа ИШИДнинг Суриядаги “пойтахти” бўлган. Июнда курд ва араб ҳарбий тузилмалари коалицияси – Сурия демократик кучлари АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кўмагида Раққани озод қилиш бўйича операцияни бошлаганди.