Аргентина федерал суди 29 ноябрда кўп сонли собиқ ҳарбийларга жазо тайинлади. Улардан бир қисми ҳарбий диктатура вақтида инсониятга қарши содир этилган жиноятлар учун умрбод, қолганлари эса узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилиндилар.

Жумладан, 29 та умрбод қамоқ жазоси тайинланди. Бу жазони олганлар орасида мамлакатнинг ҳарбий-денгиз кучлари механика мактаби негизида ташкил этилган турмадаги маҳбусларга қарши оммавий қатағонларда айбланганлар бор.

Ҳарбийлар устидан суд жараёни 5 йилдан бери давом этмоқда, бу вақт ичида судга 900 гувоҳ чақиртирилган. Улардан 400 нафари турмада омон қолган собиқ маҳбуслардир. Суд жараёни вақтида 68 нафар айбланувчидан 11 нафари вафот этган, яна 3 нафари соғлиғига кўра четлатилган.

Собиқ ҳарбийларга қўйилаётган айбловлар ичида “ўлим парвозлари”ни ташкил этиш бор. Бунда ҳарбий диктатурага қарши чиққанлар самолётлардан океанга улоқтирилганлар. Суд жараёни якунларига кўра, 1977 йил декабрда шундай парвозни амалга оширган учувчи умрбод қамоқ жазосига тортилди. Ўшанда самолётдан 10 киши, жумладан 2 нафар француз роҳибаси океанга ташланган.

1976 йил мартида ҳарбий тўнтарув натижасида Аргентинада ҳокимиятни генерал Хорхе Видела бошчилигидаги ҳарбийлар босиб олганлар. Улар мамлакатни 1983 йилгача бошқарганлар. Бу вақт ичида мамлакатда минглаб одамлар ўлдирилган, 30 мингга яқини бедарак йўқолган.