Шанба куни Англия Премьер Лигасида турнир тарихида дурдонага айланган қарама-қаршиликнинг навбатдаги тўқнашуви бўлиб ўтади. «Арсенал» ўз майдонида «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилади. Ҳозирда лигада кучли жамоаларнинг кўпайгани туфайли, деярли ҳар турда бундай, аммо дастлабки йилларда бу жамоаларнинг ўзаро ўйини худди Эл-класикодек кутилган. Эътиборингизга ўша ўйинлардан энг машҳури, ҳаттоки википедияда алоҳида саҳифалар очилган тарихий воқеа ҳақида маълумотлар ҳавола қиламиз.

2004/05 йилги мавсумнинг 10-тури доирасида, 24 октябрда бўлиб ўтган бу учрашув «Буфет жанги» (Battle of the Buffet) номи билан тарихга кирган. Аввал бу ўйинни «Олд Траффорд жанги-2» деб ҳам аташганди, зеро 2003 йилда бўлиб ўтган ўйиннинг давоми сифатида эътироф этилган.

Ўша 2003 йилда бўлиб ўтган «Олд Траффорд жанги» (The Battle of Old Trafford)да ҳисоб очилмаган. Ўйин Рууд ван Нистелройнинг сўнгги дақиқалардаги амалга оширолмаган пенальтиси ва унинг «Арсенал» футболчилари билан жанжали орқали ёдда қолган.

Нистелройга ишлатилган қўполлик учун Патрик Виейра иккинчи сариқ карточкасини олиб майдонни тарк этган, ўйиндан кейин эса, Виейра ҳамда Арсен Венгер нидерландиялик ҳужумчини симулацияда айблаганди.

Ўша ўйиндан кейин, «Арсенал»нинг 4 футболчи дисквалификацияга учраган ва Англия футбол ассоциацияси томонидан 275 минг фунтга жаримага тортилишганди.

Бугун биз эътибор қаратаётган учрашув мана шу воқеалардан кейинги дастлабки тўқнашув эди. Шунингдек, «Арсенал»нинг 49 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келаётгани ўйиннинг аҳамиятини янада оширган бўлиши табиий. «Манчестер Юнайтед» ўша паллада пешқадамдан 11 очко ортда бораётганди.

Ўйин олдидан бўлиб ўтган матбуот анжумани боксчиларнинг тарозига чиқиш маросимини эслатиб юборарди.

«Арсенал» футболчиларининг сўнгги ўйиндаги қилиқлари – менинг спортда кўрган энг жирканч ҳаракатлардир», – дейди Алекс Фергюсон.

«Балки бизни деворга териб қўйиб, ҳаммамизни отиб ташларсиз. Шунда қутуласиз», – деб жавоб беради Арсен Венгер.

Учрашувда «Манчестер Юнайтед» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва «Арсенал» мағлубиятсиз сериясини 50та ўйинга етказишига йўл қўймайди. Ўйин турли баҳсли вазиятларга бой бўлди, ҳар икки томон бир-бирини спорт қоидаларига амал қилмасликда, симулацияда айблади, ҳакам устидан шикоят ёзилади.

Кескин ўтган ўйиннинг 72-дақиқасигача ҳисоб очилмаганди. Уэйн Руни жарима майдони ичкарисида Сол Кэмпбелл билан тўқнашади ва йиқилиб тушади. Кэмпбелл қоида бузмаганини таъкидлаган бўлса-да, бош ҳакам Майк Райли пенальти белгилайди.

Рууд ван Нистелрой пенальтини аниқ амалга оширади, сўнгги дақиқада эса, Уэйн Руни ҳисобни 2:0 кўринишига етказди.

Ўйин тугагач, Сол Кэмпбелл Рунига қўл беришдан бош тортди, «Олд Траффорд» йўлагида эса, ҳар икки жамоа футболчилари бир-бирларини ҳақорат қила бошладилар. Ҳатто «Арсенал» футболчиларидан бири Алекс Фергюсонни «пицца» билан сийлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик, Эшли Коул ўз автобиографиясида бу воқеани эсга олди ва ўшанда пиццани Фабрегас ирғитганини ошкор қилди, аммо Коул Сеск мураббийни нишонга олмаганини таъкидлади. Шу йили Сеск Фабрегасдан ҳам бу ҳақида сўрашди: «Ҳа, пиццани мен отган эдим. Бир неча «МЮ» футболчиси тўпланиб турган тарафга қараб отдим, аммо тасодифан у Фергюсонга бориб тегди», – деди испаниялик ярим ҳимоячи.

Фергюсон бу воқеани шарҳлашни истамади, уни кўпроқ ҳамкасбининг ҳаракатлари қизиқтирар эди гўё.

«Туннелда Арсен Венгер менинг футболчиларимни қўполликда, симуляцияда айблай бошлади. Мен унга шогирдларимни тинч қўйишни ва ўз футболчилари билан шуғулланишини маслаҳат бердим. У ҳатто шогирдлари қилган иш учун узр ҳам сўрамади. Мен буни кутганим ҳам йўқ эди, Венгер – ўзи шунақа одам», – деди шотландиялик мураббий.

«Арсенал» бош мураббийи Арсен Венгер ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Рунини симулация ишлатганликда айблади. Табиийки, учрашув бош ҳаками Марк Райли ҳам Венгернинг танқидлари остида қолди. Рууд ван Нистелройга нисбатан Эшли Коулга қилинган қўполлиги учун айблов эълон қилинди. Ҳужумчи айбини тан олди ва уч ўйинга дисквалификация қилинди.

«Биз бу ўйиннинг мавсумдаги энг жиддий тўқнашув бўлишини билардик. Райли ўйинга халақит бермасликни мақсад қилди. Ўйиннинг эркинроқ ўтишини таъминлаш ва футболчиларнинг эмоцияга бериб кетмасликларини олдини олишга уринди ва ўйлаймизки, ҳакам бу вазифани аъло даражада бажарди», – деб вазиятга изоҳ берди АПЛ ҳакамлар қўмитаси бошлиғи Кейт Ҳакетт. 

«Райли ўйин натижасини ҳал қилди ва бу ишни у «Олд Траффорд»да жуда яхши уддалашини биламиз. Пенальти билан боғлиқ вазият нотўғри қарор билан тугади, ахир Рунининг ўзи ҳам контакт бўлмаганини айтиб турибди-ку? Биз фақат ўз ўйинимизни яхшилаш устида ишлай оламиз, аммо ҳакамларни яхши қилиб қўя олмаймиз. Биз доимо «Манчестер Юнайтед» стадионида ўйнасак, ва уларга гол керак бўлса, ҳакамлар пенальти белгилашига ўрганиб қолдик. Ўтган сафар ҳам шундай бўлган эди». Арсен Венгерни тўхтатиб бўлмай қолганди.

«Ҳеч қайси ўйинда мени бу қадар кўп тепишмаганди», – деб эслайди «Арсенал»нинг собиқ испаниялик ҳужумчиси Хосе Антонио Рейес.

«Бундай воқеаларга кўникиш керак, биз кўникиб бўлдик», – деди ўша пайтларда Рой Кин билан ўзаро жанжаллари билан машҳур бўлган Патрик Виейра.

Ўша мавсумдаги жавоб ўйини олдидан, «Ҳайбери»да Рой Кин ва Виейра чиқиш йўлакларида уришиб кетишди. Аввалига Виейра Гари Невилни атайлаб туртиб ўтиб кетди. Виейра ҳимоячи«Олд Траффорд»даги ўйинда Хосе Антонио Рейесга қилган қўполликларини эслатди. Жанжалга Рой Кин аралашди ва фақат бош ҳакам Грэм Полнинг келиб қолиши вазиятни юмшатди. 

Ўйин «МЮ»нинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади. Бу ўйин ҳам жуда кескин ўтиб, меҳмонлардан Микаел Силвестр майдондан четлатилганди.

«Юнайтед» мавсумдаги бу жангларни енгган бўлса-да, якунда чемпион бўла олмади. «Арсенал» ҳам унвонни ҳимоя қилишнинг уддасидан чиқмади «Челси»даги илк мавсумини ўтказган Жозе Моуриньо узоқ йиллик танаффусдан сўнг, лондонликларни чемпионга айлантирди.

Ўша ўйинларда қатнашган футболчилардан фақат Уэйн Руни ҳозирда футбол ўйнамоқда, у ҳам «Эвертон» сафида.

Индинга бўладиган ўйиннинг қаҳрамонлари ҳам бошқа. «Арсенал» ўша мағлубиятсиз ўтказган мавсумидан кейин чемпион бўла олгани йўқ. «Манчестер Юнайтед» эса, бир неча йилдан буён Фергюсон даврини тиклашга муваффақиятсиз уринмоқда. Премьер Лигасининг азалий тўқнашувидаги навбатдаги саҳифа ҳам жуда қизиқ ўтиши шубҳасиз.