Берлинда ўтадиган енгил атлетика бўйича 2018 йилги Европа чемпионати ташкилотчилари бўлғуси жуфтликлар учун акция уюштиришди. Бу акция ғолиблари чемпионат ўтказиладиган Олимпия стадионида 60 минг томошабин гувоҳлигида никоҳ тўйларини ўтказишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда мусобақанинг расмий сайтида маълум қилинди.

Таъкидланишича, акцияда ғолиб бўладиган жуфтлик ўз тўйини 2018 йил 8 августда (08.08.2018) – чемпионатнинг 2-кунида ўтказади. Жуфтликнинг никоҳи стадион ибодатхонасида бўлиб ўтади.

Ушбу акцияда иштирок этишнинг бир қатор шартлари бор. Акцияда иштирок этмоқчи бўлганлар ўз аризаларини 31 декабргача белгиланган манзил бўйича жўнатишлари керак бўлади. Агар бир нечта ариза танлаб олинса, унда ғолиб жуфтлик қуръа ташлаш билан аниқланади.