Дунёдаги энг оммабоп криптовалюта биткоин (bitcoin) курси чоршанба куни кечқурун 11 минг долларлик янги тарихий максимумга етганидан сўнг икки минг долларга тушиб кетди. Бундан савдолар ҳақидаги маълумотлар дарак бермоқда.

Тошкент вақти билан соат 11.26 ҳолатига кўра биткоин яна ўса бошлаган. Bitfinex биржасида у 2,32 фоизга ўсди ҳамда 10 минг доллар атрофида сотилган. OKCoin биржасида биткоин курси 3,48 фоизга кўтарилди – 10,4 минг долларгача, Poloniex’да – 2,15 фоизга, 9,9 минг доллар.

Биткоин курси 29 ноябрь куни 11 441 долларлик рекорд даражага етганидан сўнг Bitfinex биржасида кескин пастга туша бошлади ҳамда ёпилиш арафасида 1,7 мингга тушиб кетиб, 9 749 долларгача пасайди. Coindesk биржасида у 11 377 доллардан 9,29 минг долларга қадар қулади ҳамда қиймати икки минг доллардан ортиққа йўқолди.

Coindesk биржасининг ҳар кунлик янгиликлар портали эксперти Пит Риззо (Pete Rizzo)нинг сўзларига кўра, котировкаларнинг пастга шўнғиши Американинг криптовалюталар савдоси бўйича қатор майдончаларининг техник муаммолар туфайли ишдан чиқиши билан ҳам боғлиқ бўлган.

Иш жараёнидаги бузилиш АҚШдаги энг йирик криптобиржа Coinbase’га ҳам таъсир кўрсатди, унинг рўйхатдан ўтган фойдаланувчилари сони 12 миллиондан кўпроқ кишини ташкил этади. Шунингдек, унинг профессионал трейдинг платформаси GDAX’га ҳам бу таъсир қилди. Gemini ва Bitstamp майдончалари ишлашдан тўхтади.
 
Coinmarketcap.com савдо майдончаси маълумотига кўра, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 11.26да криптовалюталар бозорининг қиймати 317,65 миллиард долларни ташкил қилган.

Бозордаги қиймат бўйича биринчи ўринни анъанавий равишда биткоин (BTC) эгаллайди: у 171,8 миллиард долларга баҳоланмоқда. Иккинчи ўринда Ethereum – 42,3 миллиард доллар. Учинчи поғонада - Bitcoin Cash (23,1 миллиард доллар). Тўртинчи эса Ripple криптовалютаси – унинг бозордаги қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади.