Канада Миллий мудофаа вазирлиги Оттава яқинидаги иккита ерости бункерларини қайта очиш ҳаракатларини бошлаб юборди. CBC телеканали Канада ҳукуматидаги манбага асосланиб хабар беришича, бунга Пхеньян томонидан Шимолий Америкага зарба берилиши хавфи пайдо бўлгани сабабдир.

Ерости бункерлари совуқ уруш даврида қурилган ва пойтахт яқинидаги ҳарбий база ҳудудида жойлашган. Телеканал хабарига кўра, Жастин Трюдо маъмуриятининг махфий кенгаши бошқармаси 2016 йилдаёқ Мудофаа вазирлиги билан шундай эҳтимол бўйича маслаҳатлашув ўтказган ва Вазирлар Маҳкамасининг фавқулодда вазиятларда эвакуация қилиниши бўйича барча эҳтимолий режаларни текширувдан ўтказган.

Чоршанба куни Канада Миллий мудофаа вазири Харжит Сингҳ Саджан журналистларнинг КХДР томонидан Канадага ракеталар йўллаши эҳтимоли бўйича саволига жавоб берар экан, Оттава мамлакат учун ҳар қандай таҳдид билан ҳисоблашишини маълум қилганди.