Қирғизистон Ўзбекистон билан ёзги 1 миллиард 140 миллион кВт.с электр энергияси экспортидан (бу июнь-октябрь) сўнг қишда қўшимча қарийб 550 миллион кВт.с электр энергиясини етказиб бериш бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий энергетик ҳолдинги бошқаруви раиси Ойбек Калиев Tazabek нашри онлайн-конференцияси давомида хабар берди.

«Нарх 2,4 центни ташкил этади. Бу бизнинг фикрча, қўшимча даромад, сабаби экспорт қилиш имконияти бор... Жорий йилда Тўктўгул сув омбори оқими 132 фоизни ташкил этди, кутилмаган оқим юзага келди ва ҳажмлар тарихий максимумга етди. Бугунги кунда, декабрь бошланишидан аввал, сув ҳажми 18,8 миллиард кубни ташкил этади. Айни дамда электр энергиясини етказиб бериш бўйича аниқ келишувлар бор, октябрда «Ўзбекэнерго» билан 4 ойга (декабрь-март ойлари) 550 миллион кВт.с етказиб бериш ҳақида шартнома имзоланди», - дея хабар берди у.