Оқ уй АҚШ маъмуриятида ходимларни ўзгартириш режасини тузиб қўйди. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда The New York Times нашри хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, АҚШнинг амалдаги давлат котиби Рекс Тиллерсон ўз лавозимини тарк этади. Унинг ўрнини МРБ директори Майк Помпео эгаллайди. Помпеонинг мажбуриятларини ўз навбатида Арканзас штатидан демократ сенатор Том Коттон бажара бошлайди.

Манба АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу ходимлар ўзгартирилиши бўйича якуний қарор қабул қилгани борасида аниқлик киритмаган, бироқ бу масала маъмуриятнинг юқори лавозимли вакиллари билан келишиб қўйилган.

Ушбу ўзгартиришлар яқин ҳафталарда – ё Рождество байрамлари олдидан, ёки улардан кейиноқ амалга оширилиши мумкин.

26 ноябрда Ҳиндистондаги тадбиркорлик бўйича глобал саммитга борадиган АҚШ делегациясига Трампнинг қизи Иванка Трамп раҳбар этиб тайинлангани сабаб Тиллерсон бу саммитга давлат департаментининг юқори лавозимли ходимларини юбормасликка қарор қилгани маълум қилинганди. CNN телеканалининг маълумотларига кўра, Тиллерсонга Иванка Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Жаред Кушнернинг АҚШ ташқи сиёсатида борган сари муҳимроқ роль ўйнашга ҳаракат қилаётганлари ёқмаган, чунки халқаро муносабатларга Тиллерсон жавоб беради.