Олмаотадаги Фурманов кўчаси Нурсултон Назарбоев номидаги шоҳкўчага айлантирилди, деб хабар бермоқда қозоқ ОАВ.

Хабар қилинишича, Олмаота шаҳар маслаҳатининг VI-чақириғи сессияси давомида мегаполис аҳолисининг кўплаб таклифлари ҳисобга олинган ҳолда, шаҳар ономастик комиссияси ва Қозоғистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Республика ономастик комиссияси билан мувофиқлашган тарзда Олмаота шаҳрининг энг асосий кўчаларидан бирига Қозоғистон Республикаси президенти – Нурсултон Абишевич Назарбоев номини бериш ҳақида қарор қабул қилинган.

Олмаота ҳокими Бауржон Байбекнинг сессия давомида таъкидлашича, ономастик комиссияга 112 та такрорланувчи кўчаларни қайта номлаш тўғрисида таклиф киритилганидан сўнг зиёлилар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шаҳарликлар ва ёшлардан мустақил Қозоғистон асосчиси бўлган Назарбоев номини мегаполисдаги энг асосий кўчалардан бири – Фурманов кўчасига бериш ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

"Жорий йилда биз Остонанинг 20 йиллигини нишонламоқдамиз. Агарда эсласак, тарихнинг ўзи Йўлбошининг пойтахтни кўчириш ҳақидаги қарори нақадар узоқни кўра билиш ва тўғри эканини исботлаб берди. Ҳамда нафақат Евроосиё марказида янги замонавий шаҳарни яратиш нуқтаи назаридан, балки Олмаотанинг ривожланиши бўйича ҳам у мамлакатнинг ишбилармонлик маркази сифатида кучли туртки олди. Бу қарор президентнинг иқтисодий ислоҳотлари билан бирга хусусий ташаббусни, тадбиркорлик руҳияти ривожланишини рағбатлантирди. Бугунги кунда Олмаота – бу минтақавий ўзига тортувчи куч, Марказий Осиёдаги энг йирик мегаполис", - деган Бауржон Байбек.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг номи биринчи марта ўн йил муқаддам Иордания пойтахти Амманга ва Чеченистон Республикаси пойтахти Грозний шаҳридаги кўчаларга берилган. Бундан ташқари, Қозоғистон биринчи президенти билан аталган кўчалар Туркиянинг бир неча шаҳрида бор. Татаристон пойтахти – Қозон шаҳридаги магистрал кўча ҳам Нурсултон Назарбоев номи билан юритилади.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қўстанайда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашувда ўзининг “ворисини" учратгани хабар берилганди.