Ҳозирда Россия Федерацияси (РФ)да 22 мингга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Бу МДҲ мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир. KUN.UZ мухбири РФ Президентининг хорижий мамлакатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи Чернов Владимир Александрович берган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

"Икки мамлакат ҳудудлараро муносабатлари янги босқичга чиқди. Бугунга келиб, Ўзбекистондаги вилоятлар билан Россия Федерациясининг 70дан зиёд субъектлари ҳамкорлик қилмоқда. Маданий-гуманитар алоқалар ривожи йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек икки мамлакат ўртасидаги ёшлар - талабалар ўртасидаги алоқалар алоҳида диққатга сазовордир. Ҳозирда Россияда 22 мингга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Бу МДҲ мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир", - дейди РФ Президент аппарати вакили. 

Унинг сўзларига кўра, жорий йилдаги энг диққатга сазовор тадбирлардан бири Москва шаҳрида Нукус жавоҳири бўлган Савицкий номидаги давлат музейнинг авангардчи-рассомлар экспозициясининг очилиши бўлган. Шунингдек Ўзбекистонда Россия кунлари ва Россияда Ўзбекистон кунларининг ўтказилиши ҳам анъанага айланаётгани таҳсинга сазовордир. 

"2017 йилнинг сентябрида Россия пойтахтига Ўзбекистондан энг янги тарихдаги энг йирик ижодий делегация ташриф буюрди. Шуниси қувончлики, Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти учун рус тили тушунарли ва талабгор тиллигича  қолмоқда. 

Ўтган чорак аср давомида умумий тарих боғлаб турувчи мамлакатларимиз биргаликда кўп ютуқларга эришишди, олдинда яна қиладиган ишларимиз ҳам талайгина. Бугунги учрашувимиз икки мамлакатнинг кейинги муносабатларида муҳим роль ўйнайди", - дея сўзларига якун ясади Чернов.