Тошкент шаҳри 2024 йилги шахмат Олимпиадасини қабул қилиш бўйича ариза топширмоқчи. Бу ҳақда KUN.UZ‘га вазиятдан хабардор манбалар маълум қилган.

Шу ҳафтада Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Кирсан Илюмжинов Тошкентга ташриф буюрди ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон спорти раҳбарлари Илюмжинов билан учрашувда айнан шахмат Олимпиадасини Тошкентда ўтказиш масаласини ҳам муҳокама қилган. Ҳозирча шахмат Олимпиадасининг 2022 ва 2024 йилги мезбонлари аниқ эмас. Ўзбекистон вакиллари кўпроқ 2024 йилги мусобақа мезбонлигини қўлга киритишни мақсад қилиб туришибди.

Маълумот учун, шахмат Олимпиадаси ҳар икки йилда бир ўтказиладиган энг нуфузли мусобақалардан бири бўлиб, унда FIDE‘га аъзо бўлган мамлакатлар терма жамоалари бош соврин учун кураш олиб боради. Терма жамоа 4 нафар асосий таркиб ва 2 нафар захира шахматчилари билан мусобақада қатнашади. Сўнгги марта шахмат Олимпиадаси 2016 йилда Озабойжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган ва унда АҚШ терма жамоаси бош совринни қўлга киритганди

2018 йилги 43-шахмат Олимпиадаси Грузиянинг Батуми шаҳрида бўлиб ўтади. 2020 йилги мусобақаларга эса Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳри мезбонлик қилади. 2022 ва 2024 йилги мусобақа мезбонлари эса ҳозирча маълум эмас.