30 ноябрь куни М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида "Ўзбекистон ва Россия стратегик ҳамкорлигининг янги қирралари: иқтисодиёт, хавфсизлик, гуманитар мулоқот" мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон-Россия ҳамкорлик муносабатларининг 25 йиллигига бағишланди. Унда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

Давра суҳбатида Россия Федерацияси Президентининг минтақалараро ва хорижий мамлакатлар билан маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи Чернов Владимир Александрович, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Президенти Йўлдошев Беҳзод Содиқович, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тюрденев Владимир Львович ва қатор олийгоҳлар раҳбарияти иштирок этди.

Тадбирда икки мамлакат вакиллари ўтган 25 йилдаги ҳамкорлик алоқалари ва улар доирасида амалга оширилган ишларга тўхталиб, келугсидаги режалар билан ўртоқлашишди. РФ Президент аппарати вакили Чернов В.А. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг апрель ойидаги Россияга ташрифи мамлакатлар ўртасида барча йўналишларда ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ва уларнинг янги босқичга кўтарилишига туртки берганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам шулар жумласидандир. 

Тошкентда Россиянинг уч университет филиали фаолият юритиб, булар - М.В.Ломоносов номли Москва давлат университети, И.М.Губкина номли Россия нефть ва газ университети ҳамда Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети филиаллари. Мазкур олийгоҳлар вакиллари таълим муассасаларининг фаолияти ва шу кунга қадар эришилган ютуқлар ҳақида нутқ сўзлашди, шу билан бирга, келгусидаги ҳамкорлик борасида қатор таклифлар билдиришди. 

Шунингдек тадбирда икки мамлакатларнинг алоҳида ҳудудлари раҳбариятлари ўртасига учрашувлар янги имкониятларга йўл очиб бергани айтилди. 

Тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон ва Россия стратегик ҳамкорлигининг иқтисодиёт, хавфсизлик, гуманитар соҳалардаги ривожига қаратилди.