Бундан аввал Kun.uz сайтида бир неча марта Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан тасдиқланган логотип, ушбу унга мукофот сифатида сарфланган 10 миллион сўм ва танлов ҳақида танқидий мақолалар эълон қилинганди. Шунга қарамай, ҳанузгача бу масалага ойдинлик киритишнинг имкони бўлмади.

Эндиликда Иттифоқ эълон қилган Ёшлар иттифоқи мукофоти ҳам кишини шубҳага солмоқда. Қуйида ушбу «​танлов»га ҳужжат юборишни истаган ёш журналистнинг бошига тушганлари ҳикоя қилинади.​

«​Ташкилотнинг (0371) 244 00 55 телефон рақамига 15 ноябрь куни қўнғироқ қилиб, Ёшлар иттифоқи мукофотига номзодларнинг ҳужжатлари қай тартибда қабул қилинаётгани билан қизиқдим. «...Мен бу ҳақда тўлиқ маълумотларни билмайман», деган ЁИ ходими 95 170 90 27 рақамига қўнғироқ қилиб саволимга жавоб олишим мумкинлигини айтди. Сим қоқдим... Афсус, «сиз терган рақам ўчирилган», жавобинигина эшитдим, холос.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ЁИ марказий кенгаши ходими Гулчеҳра Ашуровага шахсий хабар ёздим. Мукофотга номзодлар ҳужжатларни қай тартибда топшириши мумкинлиги мени қизиқтираётганди. Ҳужжатларни қабул қилиш якунланишига 10 кун қолган бўлсада ҳали мукофот низоми тасдиқланмагани ҳақидаги жавоб хабари мени ҳайрон қолдирди.

Бир неча кундан сўнг Ёшлар иттифоқининг сайтида кутилган Низом эълон қилинди. Аммо унда аниқ-тиниқ қилиб ҳужжатларни қабул қилувчи (етказиб берувчи, сараловчи) ташкилотлар кўрсатилмаганди.

Ўзбилармонлик қилиб Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмасига қўнғироқ қилдим. «Хабаримиз йўқ», дейишди. Бўлди-да, деб барига қўл силтадим. Шу вақтда вилоятда журналист бўлиб ишлаётган, ҳамкасблар, курсдошлар орасида «ўзи ҳам, қалами ҳам ўткир», деб тарифланадиган курсдошим ҳам қўнғироқ қилиб, Ёшлар иттифоқи мукофоти ҳақида сўраб қолди. У ҳужжатларини менга юборгани, эртага олиб ЁИга олиб бориб топшириб қўйишимни илтимос қилди. Икки кун кимга топшириш мумкинлигини ўйлаб бошим қотди. Шу вақт ичида курсдошим ҳам, мен ҳам таниш-билиш журналистлардан аниқ манзил ва маълумотларни сўрадик. Жавоб битта бўлди: «Билмайман»!

23 ноябрь. Курсдошимнинг ҳужжатларини олиб Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши дарвозасидан илк бор хатладим. Эшик ёнида турган тенгдош йигит менинг мақсадимни тинглади ва «Фуқаролар қабулхонаси»га йўналтирди, у ердаги мутахассислар мақсадимни тинглаб, ҳужжатларни кўздан кечириб, Девонхонага юборишди, у ердагилар «иккинчи қават, ўнг қўлдаги иккинчи эшик», дейишди, ўнг қўлдаги иккинчи эшик ортидаги ходима мақсадимни тинглагач, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги орқали уларга ҳужжатларимизни тақдим қила олишимиз мумкинлигини «тушунтирди».

Агентликка қўнғироқ қилиб бўлган масалани айтдим «бизни бу ҳақда ҳеч ким огоҳлантиргани йўқ, бизда номзодларнинг ҳужжати ва рўйхати шакллантирилмаяпти», йўсинида жавоб олдим. Шу топда футбол мухлислари учун таниш бўлган «Ана холос!..» жумласи тилимда ихтиёрсиз айланди.

Бўлган воқеани умидвор курсдошимга етказдим, унинг ҳам ҳафсаласи пир бўлиб гўшакни қўйди.

... эртаси куни тонгда вилоятдан яна ўша курсдошим қўнғироқ қилиб устоз журналистларимиздан биридан ёрдам сўрагани ҳақида ийманибгина маълум қилди. Ҳали тўлиқ бу ҳақда хабардор эмаслигини айтган агентлик ходимларининг бирига номзоднинг ҳужжатларини бериб қайтдим ҳамки, мени бир савол ўйлантирарди: ёшлар ўртасида анчайин қизиқиш уйғотган, номдор, залворли мукофотга ҳужжатларни қабул қилиш тугашига бир кун қолган бўлсаю, нега ҳеч бир ташкилот бундан бохабар эмас. Нега номзодлар кўчада ўз ижодий ишлари билан сарсон (ЁИ биносида мен каби саргардонлар кўплигининг гувоҳи бўлгандим). Шу орада вазирликларнинг баъзи вилоятлардаги бўлимларидан ҳам маълумот сўрадик, улар ҳам бундай мукофотга ўзлари номзод юбориши кераклигидан огоҳ эмас.

Лўнда қилиб айтганда, гап кўп, ўтин кам. Тўғри эмасми?! Ҳа, айтганча - Ёшлар мукофотига ҳужжат топширишга улгурдингизми?»​

Йўловчи