2017 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида архитектура ва қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари юзасидан Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди. 

Жорий йил май ойида Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси таркибий тузилмаси тубдан ўзгартирилди ва янги вазифалар қўйилди. Қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари қўшимча штат бирликлари билан кенгайтирилди. Жумладан, 11 ҳудудда “Ўзшаҳарсозлик” ва Самарқанд шаҳрида “Тошкентбошплан” лойиҳа институти филиаллари, шунингдек, 13 ҳудудда 26 етакчи лойиҳа ташкилоти очилди. Тошкент ва Самарқанд архитектура-қурилиш институтлари ҳамда 14 қурилиш касб-ҳунар коллежи қўмита тасарруфига ўтказилди. 

Қабул қилинган мақсадли давлат дастурлари доирасида ҳамда давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари давомида берилган топшириқларга мувофиқ, жойларда қатор ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг Ислом Каримов, Фурқат, Навоий ва Олмазор кўчалари оралиғидаги ҳудудда “Тошкент-сити” замонавий халқаро ишбилармонлик маркази барпо этилмоқда. 

Худди шу каби концепция асосида Самарқанд шаҳрида ҳам “Самарқанд-сити” маркази қурилмоқда. 

Шунингдек, Тошкент вилоятининг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрини мутлақо янгича ёндашув асосида ва илғор хорижий меъморчилик ютуқларини қўллаган ҳолда барпо этиш белгиланган. Ушбу шаҳарнинг бош режаси халқаро миқёсдаги хорижий архитекторлик компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда. 

Аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва маданий инфратузилма объектларини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида биргина Тошкент шаҳрининг ўзида “Экопарк”, “Дўстлик боғи” ва “Ашхобод боғи” каби истироҳат масканлари ташкил этилди. 

Бундан ташқари, пойтахтимизда “Ўзбекистон” Миллий боғини тубдан қайта қуриш ва янги “Наврўз” боғини барпо этиш бўйича қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Миллий боғга туташ ҳудудда “Адиблар хиёбони” барпо этилмоқда. 

Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишлаб Тошкент шаҳрида меъморий ёдгорлик мажмуаси ва Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ҳудудида мақбара барпо этилди. 

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида Сузук ота мақбараси ва ҳунармандчилик маркази, Хастимом мажмуасига ёндош ҳудудда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилмоқда.