Ўзбекистон ва Россия Федерацияси етакчиларининг саъй-ҳаракатлари билан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янада ижобий тус олди, парламентлараро алоқалар ҳам шулар жумласидандир. Федерация Кенгашининг минтақавий сиёсат, маҳаллий бошқарув ва Шимол ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Чернецкий Аркадий Михайлович Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида бўлиб ўтган йиғилишда шундай баёнот билан чиқди. Тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

"2007 йилдан буён биринчи марта Федерация Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўртасида ҳамкорликка доир Комиссия йиғилиши бўлиб ўтади. Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилиш, яқин йиллардаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш режалаштирилмоқда. Янги босқичдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ва Россия Парламентларининг Юқори палаталари ўртасида янгиланган шартномани имзолаш кўзда тутилмоқда", - дейди Чернецкий. 

Шунингдек, Россия томон Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқларнинг нуфузли Халқаро парламентлар ташкилотига қайтишини муҳим воқеа деб ҳисоблайди. 

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўзининг Халқаро парламентлараро ташкилот аъзолигини қайта тиклашга доир қарорини айнан Санкт-Петербургдаги ассамблеяда қабул қилгани икки карра ёқимлидир. Шуни мамнунлик билан таъкидлаймизки, Ўзбекистон бугунги кунда Валентина Ивановна Матвиенко раҳбарлик қилаётган МДҲ давлатлари парламентлараро ассамблеясининг фаолиятига катта қизиқиш билдирмоқда. 

Ўзбекистонлик парламентарийлар шу йилнинг март ойида ассамблеянинг юбилей йиғилишида иштирок этишди. Уларнинг бундан кейин ҳам парламентлараро ассамблеядаги фаолиятларини давом эттиришларига умид билдирамиз", - деди Федерация Кенгаши вакили.