Россиялик телебошловчи ва актёр Иван Ургант 2018 йилги жаҳон чемпионати финал босқичига қуръа ташлаш шоусига бошловчилик қилади. Бу ҳақда ФИФА маълум қилди. 

Қуръа ташлаш шоуси 1 декабрда Тошкент вақти билан соати 20:00да Кремль саройида бошланади. Шоу Россиянинг Биринчи канали орқали намойиш қилинади. Унда шунингдек қўшиқчилар Алсу ва Лариса Долина қуръа ташлаш учун махсус ёзилган қўшиқлар ижро этишади.

Шоу режиссёри Феликс Михайловнинг айтишича, қуръа ташлашда ҳис-туйғулар кучи, кутиш ҳаяжони ва чемпионат мезбони сифатида Россиянинг чиройи намойиш қилинади. “Албатта биз дастлабки қуръа ташлашда биз томондан бошлаб берилган “орзу” мавзусини – парвоз қилиш орзуси, кучли бўлиш ва ғолиб бўлиш орзусини бу шоуда ҳам давом эттирамиз. Боланинг орзуси у ўсмирдан жаҳон футболи афсонасигача йўлни босиб ўтгандан кейин ҳақиқатга айланади. Шоу эпизодларидан бирида у ўтмишнинг буюк футболчилари: Лев Яшин,. Пеле, Марадонани учратади. Саҳнадаги ва залда ўтирган футбол ҳамда эстрада, жаз ва опера юлдузлари бизнинг шиор "Смотри, как сойдутся звезды" (Қара, юлдузлар қандай кесишади)ни тасдиқлашади”, деб айтган режиссёр. 

Қуръа ташлаш  жараёнини собиқ инглиз футболчиси Гари Линекер ва россиялик журналист Мария Командная олиб боришади. Маросимда Россия футбол иттифоқи биринчи вице-президенти Никита Симонян ва аргентиналик Марадонна, италиялик Фабио Каннаваро, франциялик Лоран Блан, англиялик Гордон Бэнкс, бразилиялик Кафу, испан Карлес Пуйоль, уругвайлик Диего Форлан ва немис Мирослав Клозелар иштирок этадилар.