Ҳаёт йўллари турфа хил. Умр ўтар экан, инсон баъзан боши беркдек кўринган қоронғи кўчага ҳам қадам босади. Шундай пайтларда Яратганнинг инояти билан ёрдам қўллари кўмакка келади. Маълумки, KUN.UZ хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда. Ёрдам сўраб мурожаат этганлар талайгина. Уларга имконимиз даражасида эътибор қаратмоқдамиз. Ана шундай мурожаатлардан бири Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Ал-Хоразмий даҳаси 97-уй 73-хонадонда истиқомат қилаётган Мафтуна ҳақида.

“Касаллиги 2015 йилда бошланган. Иситмалаб юрди, биз оддий шамоллаш деб ўйлаганмиз. Шифокорларга кўрсатдик, улар дори беришганидан сўнг аҳволи бироз яхшиланди. Бироқ орадан яна бир ой ўтиб иситмаси чиқиб кетди. Сўнг буйракдан дейишди, уни текширсак яхши чиқди. Ташхис топилмай орадан бир йил ўтди. Кейин қорнида шиш борлигини пайқаб қолдик, бу орада қорни ҳам шишишни бошлади. Кейин онкология бўйича тегишли шифохонага олиб бордик, таҳлиллар олишди. Жавоби салбий чиқди. Магнит-резонанс томографиясидан ўтказдик, унда ўша безларнинг ривожланаётгани кўринди. Шундан сўнг Мафтуна бирдан озишни бошлади, ҳолсизликдан шикоят қилиб, еган овқатини ҳам қайд қилиб ташлади. Ҳозир ётиб қолди. Аниқ ташхиси – ошқозон ичидаги безлар катталашган, улардан сув чиқмоқда. Шунингдек, қоринда суюқлик кўп”, - дейди Мафтунанинг онаси Рухшона Файзиева.

Унинг айтишича, оила айни дамда квартирани ижарага олмоқда. Сабаби оиланинг ўзи истиқомат қилган ҳовлида Мафтуна учун қулайликлар бўлмаган. Ҳозирда эса қизнинг тоғалари, саховатпеша юртдошларимиз ёрдам бераётган экан. Беморлик азобига, ғам-андуҳга бардош бераётган қизчанинг эса умидлари, орзулари катта. Кўп режаларни тузган Мафтуна бу ҳақда биз билан суҳбатда гапириб берди.

“Янги уйга кўчганимиздан сўнг анча яхшиман. Ўзим озгина туриб бироз юрдим. Келажакда дизайнер бўлмоқчиман. Ўзим расм чизишга, турли хил нарсалар ясашга қизиқаман, мунчоқлар ясайман. Ҳамма нарсага қизиқаман. Ҳозирда Қуръони Каримни ўқишни ўрганаяпман. Ёрдам бераётган барчага катта раҳмат дейман”, - дейди Мафтунанинг ўзи.

Ёшгина бошига шунча мусибат тушган қизни кўриб хаёлларимиз тўзиб, бўғзимизга бир нима тиқилгандек бўлди. Бироқ не бўлса ҳам Яратганнинг берган куни, синови. Мафтунанинг иродасига, сабрига, матонатига раҳмат. Чин қалбдан унга Аллоҳдан шифо сўраймиз. Айни пайтда Мафтуна Ҳиндистонда мураккаб жарроҳлик амалиётига йўлга отланиш ниятида. Кимнинг имкони бўлса, хайрия савобига дахлдор бўлсин. Кимнинг имконияти бўлмаса, сиздан ғойибона дуо қилишингизни сўраймиз.

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун: 

Пластик карта орқали: (Click, Payme) 
Агробанк – 8600 0417 4536 7053 
Файзиева Рухшона (Мафтунанинг онаси): +99899 830 57 47