КВН бошловчиси Александр Масляков “Московский молодежный центр “Планета КВН” корхонаси директори лавозимидан кетганига қарамай, кўрсатувга бошловчилик қилишда давом этади. Бу ҳақда КВНнинг “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилинди. 

“Дўстлар! Телебошловчи касби ва давлат унитар корхонаси бош директори лавозимини чалкаштирманг”, деб айтилган хабарда. 

2 декарбда телебошловчи ва КВНда ҳакамлик қилувчи Валдис Пельш Масляков эфирда қолишига ишонч билдирди. “КВНдаги ҳамма нарса бу одамга боғлиқ”, деб айтган Пельш.

Бундан аввал КВН Халқаро иттифоқи матбуот хизматида Масляков унинг фаолияти текширила бошлангандан кейин эмас, балки ундан аввалроқ ўз хоҳиши билан директорлик лавозимидан кетгани маълум қилинган. Унинг ўзи бу лавозимдан кетишга 2017 йил бошида ташаббус билдирган. Бу унинг меҳнат фаолиятини федерал қонунчилик талабларига мос келтириш учун амалга оширилган.

“Трансперенси Интернешнл - Россия” ўтказган текширувга кўра, Масляков “Московский молодежный центр “Планета КВН”ни бошқарган вақтда корхона номидан унинг оиласига тегишли бўлган хусусий компания билан шартномалар тузиш ҳамда Москва марказидаги “Гавана” кинотеатрини ўзлаштириб олишда айбланган. 

Таъкидланишича, Масляковнинг ўзи бу айбловларга ҳали ҳеч қандай изоҳ бермаган.