OneYearNoBeer дастури муаллифи Энди Реймиж 10 мингдан зиёд кишига алкоголга бўлган муносабатни ўзгартиришга ёрдам берди. У ўзи ва атрофидагиларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, соғлом одатларга меҳр уйғотиш бўйича экспертга айланди.

Уч йил аввал Реймиж спиртли ичимликларсиз яшашга қарор қилди. Аксарият бунинг иложи йўқ деб ўйларди. Улар бу унинг брокерлик фаолиятига зиён етказади деб ҳисоблашарди. Аслида эса, алкоголдан воз кечиш унинг ҳаёти ва бизнесини яхши томонга ўзгартиришга ёрдам берди. BetterHumans шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

Барчаси қандай бошланганди?

Реймиж барга биринчилардан бўлиб келиб, охири кетадиган кишилардан эди. Спиртли ичимликлар унга байрамларни нишонлаш, дам олиш, дўст орттириш, мулоқот қилиш ва мижозларни меҳмон қилишда ёрдам берарди. Реймиж билан вақт ўтказиш завқли эди, лекин у бор жойда доим спиртли ичимликлар бўларди.

Реймиж ўз бахтини 10 баллдан атиги 5 баллга баҳоларди, бу эса унинг муваффақиятли карьераси ва ажойиб оиласига номувофиқ эди. Унда ҳаётдан норозилик ҳисси ошиб борарди. Реймиж муайян орзулар ва мақсадларга эга бўлиб, баъзан уларга эришиш йўлида ортга чекинарди. У спортдан йироқ ва ланж эди. Унинг ҳаёти тор доира билан чекланиб қолаётганди - иш-оила-стресс.

Фото: Fotolia

Реймиж бундан бахтлироқ яшашни истарди, шунинг учун ҳаётида илк марта барчасини кетма-кет таҳлил қила бошлади. У ўз таомномасини қайта кўриб чиқди, спорт режимига ўтди, медитация қила бошлади. Бироқ бу ҳеч нима бермади: спорт машқларига вақт ва мотивация етишмасди, медитация учун эса Реймижнинг асаблари ҳаддан ташқари таранг эди, мижозлар билан тушликлар ва кечки учрашувлар соғлом парҳезни йўққа чиқарарди. 

У изланишда давом этди ва кунлардан бир кун анча жиддий муаммо - алкоголь борлигини англаб етди. Бироқ у нима учундир спиртли ичимликлардан воз кечишдан жуда қўрқарди.

Шундай бўлса-да, Реймиж алкоголь унга олдинга ҳаракат қилишга халақит бераётганини яхши тушуниб етаётганди. У яхши ота ва турмуш ўртоқ бўлиш учун ҳам ичишни ташлашни, кўркам, соғлом бўлишни ҳамда ишда янада самарали фаолият юритишни истарди.

Алкоголсиз уч ҳафта

Катта шаҳарда яшаб, спиртли ичимлик истеъмолидан воз кечиш қийин. Баъзи одамлар ичишни ташламаслигингиз учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишади.

Бироқ бир неча уринишлардан кейин Реймиж уч ҳафта алкоголсиз яшашнинг уддасидан чиқди. Ниҳоят, спиртли ичимликлардан воз кечишнинг афзалликларини сеза бошлади.

"Зерикарли" бурчакка ўтиш

Ижтимоий босим ўсиб бораётганди, гап-сўзлар болалай бошлади. Реймиж зерикарли кишилар доирасига қўшилди.

У агар бизнеси шу туфайли жабрлана бошласа, ўз аҳдидан воз кечишга қарор қилди. Реймиж ярим йўлдан чекинган тақдирда, унинг ҳаётини тубдан ўзгартирган онлар келмас эди.

Алкоголдан воз кечишнинг афзалликлари

Уч ҳафта ўз-ўзидан тўрт ҳафтага, кейин икки ойга ва шу тариқа уч ойга ўтиб кетди. Айни шу дамларда катта ўзгаришлар рўй бера бошлади.

Фото: Fotolia

Реймиж тез орада жисмоний машқларга киришиб кетди. Спиртли ичимликлар туфайли машғулотларни узиб қўйишга ҳожат қолмади. Алкоголсиз қайси егуликлар ва фаолият турлари қувват бахш этиши, қайсилари эса, аксинча, қувватни тортиб олишини тушуниш осон эди. Буларнинг бари унга ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам берди: у бир йилда 19 килограмм йўқотди, ёғ миқдори эса 30 фоиздан 10 фоизгача камайди.

Реймиж университетга қайтди, муайян даражага эришди, ижобий психология ва коучинг бўйича магистрлик дастурига ўтди. У катта шаҳарда психика билан боғлиқ муаммолар билан курашга йўналтирилган 30 кунлик Mindfit дастурини яратишга ёрдам берди. Шу билан бирга, у OneYearNoBeer'нинг ҳаммуассисига айланди.

Реймижнинг оила аъзолари билан ҳам, ишдагилар билан ҳам муносабатлари яхшилана бошлади. Унинг боркерлик бизнеси шиддат билан ўсиб борарди, мотивация юксак даражада эди ва у ўзини жуда яхши ҳис қиларди.

Ишдан ташқари ҳаёт учун вақт топилади

Спиртли ичимлик истеъмолига кўп вақт кетади, ундан қайтишга эса - ундан-да кўп. Ичишни ташлашингиз билан эски хоббиларингиз ва қизиқишларингиз учун анча вақт ва энергия пайдо бўлади. Сиз шунчаки мавжуд бўлмай, қайта яшай бошлайсиз.

Муносабатларингиз яхшиланади

Мижозлар спиртли ичимлик ичмайдиган ва нормал мулоқот қилса бўладиган кишиларни қадрлашади. Болалар куч-қувватга тўла ва улар билан ўйнаб, қувнайдиган отани қадрлашади. Аёл ўзининг ичмайдиган ва ҳаётдан мамнун эрини янада кўпроқ севади.

Фото: Fotolia

Ўзингизга бўлган ишонч ортади

Алкоголь бахш этувчи сохта ишонч ўзингизга бўлган ҳақиқий ишончни йўқ қилади. Спиртли ичимлик туфайли юзага келган хавотирли ва асабий ҳолат "жангга тайёргарлик"ни йўққа чиқаради. Алкоголсиз сизнинг ўзингизга бўлган ички ишончингиз янада мустаҳкамланади.

Ақлий салоҳиятингиз очилади

Алкоголь ва унинг натижасида юзага келувчи ҳолат ақлий салоҳиятга зарар етказади. Реймиж ичиб юрган кезларида ўзида кучли хавотирни сезган. У ўзини худди чуқурликка қулаётгандек ҳис қилган: алкоголь истеъмоли қанча давом этса, чуқурлик шунча чуқур бўларди. Ичишни ташлаши билан бу ҳиссиётдан халос бўлди ва бу у учун ҳақиқий кашфиёт бўлди.

Саломатлик яхшиланади

Алкоголь ичимликлар истеъмоли соғлиққа қанчалик ёмон таъсир қилишини ҳамма билади, бироқ барибир ичишда давом этишади. Спиртли ичимликлар машғулотларга бўлган мотивацияни йўқ қилади ва зарарли егуликларга қизиқиш ортишига сабаб бўлади. Ичишни ташлаганингизда тўғри овқатланишга ўтиш осонлашади, спорт билан шуғулланиш учун кўпроқ куч-қувват пайдо бўлади.

Кўнгилочар машғулотларга ижодий ёндаша бошлайсиз

Алкоголдан воз кечиб, кўнгилочар машғулотларга янада эътиборли бўлиб, ижодкорлик билан ёндаша бошлайсиз, бу эса сизнинг одамлар билан муносабатларингизни яхшилайди. Мижозлар йога, картинг ва велосипед ҳайдаш каби машғулотларни яхши кўришади. Спиртли ичимликлар бўлган оқшом учун эса бирор марта миннатдорчилик хати олмаган.

Уйқу яхшиланади

Уйқу — юқори самарадорликнинг ажралмас бир қисми. Кичик миқдордаги спиртли ичимлик ҳам уйқу бузиши мумкин. Ҳатто бир стакан алкоголь ҳам уйқуга таъсир қилади, уйқу шундай ёмон кечадики, тана қайта куч тўплашга улгура олмайди. Камроқ ухлаганда эса, самарадорлик нолга тенглашади.

Фото: Fotolia

Ичишни қандай ташлаш мумкин?

Танаффус олинг

Аввал алкоголга бўлган муносабатингизни ўзгартириш лозим. Ягона йўл - танаффус қилиш. Бу 28, 90 ёки ҳатто 365 кун бўлиши мумкин.

Ижтимоий ҳаёт ва бизнес ҳаётда алкоголсиз яшай олишингизни кўрсатмай, ўзингизни тўлиқ назоратга олишнинг иложи йўқ.

Спортга монанд мақсад қўйинг

Имкониятларингиз доирасидан чиқиб, ўзингизни синанг. Дейлик, бу масалан, ҳар куни 5 ёки 10 километрга югуриш бўлсин, уни уддалай олишингизга ишонинг.

Шу тариқа диққат жамланиб, тана ва руҳиятингиз кучлироқ бўлади. Боз устига, ўзингизга бўлган ишончингиз ортади ва илгари алкоголга сарфлаган вақтингиздан унумли фойдалана бошлайсиз.

Хатога йўл қўйсангиз, тушкунликка тушманг

Ўрганинг, кучлироқ бўлинг, ўз ютуқларингизни таққосланг ва ўзингизни ҳеч нимада айбламанг. Кечиримли бўлиш масъулиятни ҳис қилишга олиб келади, айбдорлик ҳисси эса ўзингизни оқлашга сабаб излашга мажбур қилади.

Хато — бу мағлубият, деган фикр кенг тарқалган. Шу боис одамлар меъёрдан ортиқ овқатланиб ёки спиртли ичимликлар ича бошлаб, ўзларини ожиздек ҳис қилишади.

Ўз хатоингизни тушуниб етинг, барчасини қайта ўйлаб чиқинг ва янада кучли бўлинг. Ёдингизда бўлсин: ҳеч ким мукаммал эмас.

Зарарли одатларни соғломларига алмаштиринг

Ёмон одатлардан қутулишнинг энг яхши йўли - уни фойдалисига алмаштириш. Ўз триггерингизни излаб топинг - бу вақт, макон, ҳиссиёт, хатти-ҳаракат ёки инсон бўлиши мумкин. Олдинга чорловчи кучни топинг.

Фото: Fotolia

Зарарли одатингизни соғломларига шундай алмаштирингки, триггер ва ҳаракатлантирувчи куч ўз жойида қолсин.

Оқловчи сабабни қўлланг

Спиртли ичимликлардан воз кечиш учун жиддий сабаб керак. Бироқ агар сиз ҳомиладор ё хаста бўлмасангиз, ошна-оғайнилар, яқинлар ёки ҳамкасблар бирга ичишни таклиф қилган пайтда қолган сабаблар инобатга олинмаслиги мумкин.

Сизнинг алкоголсиз дастурингиз бемалол оқловчи сабаб бўла олади. Кейинги сафар сизга спиртли ичимлик қуя бошлашса, шундай денг: "Йўқ, раҳмат, бу йил менинг режамда қиладиган ишларим кўп, шу боис нафсимга қарши чиқиб, 28/90/365 кун ичмасликка қарор қилдим".

Алкоголсиз танаффус учун ҳар бир сабабни ёзиб чиқинг

Нима учун спиртли ичимликдан воз кечмоқчи эканингизни ёзинг. Бу одатларни ўзгартиришга яқиндан ёрдам беради. Ўзингизга ўзингиз савол беринг - нима учун алкоголсиз ҳаётга талпинаяпсиз? Бунга нима сабаб бўлди?

Қоғоз, планшет ёки ноутбукдан фойдаланинг - ўзингизга қулайини танланг. Қўшимча мотивация учун сабаблар рўйхатини тузинг.

Режа тузинг

Спиртли ичимликлардан воз кечишга қарор қилган бўлсангиз, янгича ҳаётни режалаштириш ва кутилмаган ҳолатларга тайёр туринг. Кутилмаганда неча йиллардан бери кўрмаган дўстингиз остонада пайдо бўлиши ва сиз билан спиртли ичимлик ичиш истаги туғилиши мумкин. Бундай пайтда шунчаки табассум қилинг ва сабаблар рўйхатингизга нималар деб ёзганингизни ёдга олинг. Бирор тадбирга тайёрланаётган бўлсангиз, у ерда алкоголсиз ичимликлар ҳам борлигига ишонч ҳосил қилинг.