Германиянинг Констанц университети олимлари вайрон бўлишга барқарор бўлган цементни ишлаб чиқишганини таъкидламоқда. Ушбу қурилиш маҳсулоти бугунги кундаги энг баланд осмонўпар бинолардан 10 марта баландроқ иншоотларни қуриш имконини беради. Бунга олимларнинг цементни бириктирувчи асосий элемент тузилмасини ўзгартиришга муваффақ бўлгани сабаб бўлди, деб ёзмоқда Digital Trends.

Олимлар бугунги кунда қурилиш соҳасида фойдаланилаётган материалнинг камчиликлари бартараф этилган янги цемент турини ишлаб чиқиш устида изланишди. Улар биринчи навбатда жуда юқори босимда пайдо бўладиган ёриқларга барҳам беришни хоҳлашди. Бундай цемент нафақат илгари барпо қилинмаган осмонўпар биноларни қуриш, балки ўта мустаҳкам, зилзилаларга бардошли, турли биноларни барпо этиш имконини берар эди. Сув остида яшайдиган айрим жониворларни ўрганиш натижасида ушбу мақсадга ечим топилди. 

«Биз цементнинг нанотузилмасини ўзгартирдик, шу билан анча тартибли қилдик. Янги тузилма денгиз типратиконларидан ўзлаштирилди. Биз ушбу ҳайвонларнинг тартибли равишда жойлаштирилган ғиштларни ёдга солувчи тиконларини ўргандик. Айни моделни биз тадқиқотимизга кўчирдик. Бизнинг асосий ютуғимиз шу бўлдики, биз цементдаги асосий бириктирувчи элемент – кальций гидросиликати кристалларининг парчаланишига барҳам беришнинг уддасидан чиқишган. Биз илк маротаба тартибли кальция гидросиликати ишлаб чиқдик» , — дейди профессор Ҳельмут Кельфен.

Олимларнинг изоҳ беришларича, уларнинг ихтироси цементнинг эластиклигини таъминлайди. Оддий материал сиқилишга мустаҳкамдир, аммо чўзилиш ва эгилишларда парчаланиб кетади. Унинг тартибли тузилмаси мустаҳкамликни кучайтириш баробарида чўзилишга ҳам чидамли бўлишини таъминлади. Синовлар янги технология асосида ишлаб чиқилган цемент бугунги кунда фойдаланилаётган маҳсулотдан 40-100 марта кучлироқ бўлишини кўрсатди. Биргина муаммо – унинг қийматидир. Олимларнинг айтишича, бу цементни ҳозирги технологиялар билан ишлаб чиқариш қимматга тушади. 

Аввалроқ, Британия Колумбияси университети олимлари ҳам 9 баллик зилзила бардош бера оладиган цементни ишлаб чиқишганини эълон қилган эди.