Ливаннинг гиперкарлар ишлаб чиқарувчи W Motors компанияси Fenyr SuperSport купесининг серияли версияси ҳақида сўзлаб берди. Компания ҳаммаси бўлиб автомобилдан 25 дона ишлаб чиқармоқчи.  

Fenyr SuperSport гиперкарининг оғирлиги 1200 кг.ни ташкил қилади. Кузов қисмлари углерод толадан ясалган. Машинада 900 от кучига эга 4 литрли двигатель ўрнатилади. Машина 100 км/соат тезликка 2,7 сонияда эришади. Максимал тезлиги 400 км/соатни ташкил қилади. Гиперкар карбон-керамик дискли тормоз механизми ва турли ўлчамдаги ғилдирак дисклари (олд ғилдираклар 19 дюймли, орқаси 20 дюймли), орқа аксқанот билан жиҳозланади. 

Икки эшикли машина ичида карбон каркасли ўриндиқлар, Bluetooth’ни қўллаб-қувватловчи мультимедиа тизими, навигация, Wi-Fi, рақамли асбоблар панели ва орқа кўриниш камераси ўрнатилган.     

W Motors’нинг биринчи модели – Lykan Hypersport гиперкари 2013 йилда пайдо бўлган. 

Fenyr SuperSport’нинг нархи маълум қилинмаган. Lykan Hypersport эса ўз вақтида 3,4 млн долларга баҳоланган.