Ўрин-жой чойшаби инсон учун таҳдид туғдирувчи турли замбуруғларнинг кўпайиши учун идеал муҳит ҳисобланади. Бу ҳақда Нью-Йорк Университети микробиологи Филип Тьерно маълум қилди, деб ёзади Business Insider.

Олимнинг сўзларига кўра, ўрин-жой чойшаби бактериялар ва замбуруғлар соғлиқ учун хавфли чинакам «ботаника боғи» ҳисобланади. Биргина ёстиқларнинг ўзида 16 турдаги замбуруғли организмларни топиш мумкин, чойшабларнинг қатламларида эса турли касалликларни келтириб чиқарувчи микроблар учрайди.

Инсоннинг терлаши натижасида ҳосил бўлувчи бактерия ва замбуруғлар билан биргаликда чойшабларда чанг, гард, пат, чанг канаси ва бошқа чиқиндилар билан тушадиган хавфли микроорганизмлар учрайди.

Буларнинг бариси аллергияга оид касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

«Модомики сиз аллергияга чалинмаган бўлсангиз ҳам, сизда аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин», — дейди Тьерно.

Олимнинг сўзларига кўра, микроблар ўрин-жой чойшаблари қатламларида кўпайишига сабаб, биз ухлаётганимизда у ерда иссиқ ва нам муҳит ҳосил қиламиз ва бактерияларнинг кўпайиши учун қулай шароит ҳозирлаб берамиз. Бир йил давомида инсон уйқуси давомида 98 литр тер ишлаб чиқариши ҳам мақолада қайд этилган.

Микробиолог чойшаблар, ёстиқ ва ёпинчиқ қопламаларини тез-тез, камида ҳафтасига ювиб туришни маслаҳат беради, чунки бир ҳафтадан сўнг бу хавфли микроолам инсонга чинакам хавф солувчи таҳдидга айлана бошлайди.