Amazon'нинг бозордаги рақибларга нисбатан қатъий позицияси ҳамда штатдаги роботлар сонини инобатга олиб, Quartz нашри компания ҳақиқатда кўпроқ иш ўринлари яратаяптими ёки йўқлигига доир тақдқиқот ўтказди. 

Савдодаги умумий, шунингдек, Amazon'даги иш ўринлари бўйича маълумотлар таҳлилидан қуйидаги хулосаларга келинди:

Агар ҳозирги тенденциялар йил охирига қадар давом этишини тахмин қилсак, Amazon билан бир соҳада ишловчи корхоналарда (яъни Amazon билан рақобатга киришувчи компанияларда)ги ходимлар сони йилига тахминан 1 фоизга пасаяди. Бу 170 минг киши дегани.

Amazon штатининг кенгайиши соҳадаги бошқа компаниялардаги йўқотишларни тўлдирадиган даражада эмас. Amazon ходимлари сони 2017 йилда тахминан 146 мингга, яъни 43 фоизга ошади (Whole Foods ишчиларини ҳисобга олмаганда). Ҳатто шундай агрессив ўсишда ҳам савдо гигантининг фаолияти натижасида ишсиз қолганлар сони барибир 24 минг нафарлигича қолмоқда. 

Amazon жорий йилда 55 минг роботни ишга олди. Тўртинчи чоракда уларнинг сони тахминан 20 мингтага кўпаяди, 2017 йилда - жами 75 минг робот. Штат қисқариши ва роботлар ўртасидаги сабабли боғланишни исботлашга ҳожат ҳам йўқ, лекин факт фактлигича қолади - 24 минг киши ишсиз қолади, 75 минг робот ишга киришади. Бугунга келиб корпорациянинг дунё бўйлаб барча корхоналарида тахминан 100 минг робот фаолият юритади. 

Amazon компаниясининг штати ҳар йили 40 фоизга ўсади. 2016 йил охирида у АҚШнинг энг йирик иш берувчилари рўйхатида саккизинчи ўринда бўлган бўлса, бугунги кунда компания секин-асталик билан, лекин тўғри йўлдан юқорилаб бормоқда. Иккинчи штаб-квартира яна 50 минг кишини иш билан таъминлайди. 

Компаниянинг ўсиши ва самарадорлиги — унинг акциялари нархи ошиб бораётганининг асосий сабаби. Amazon робототехникага сармояларни кўпайтирмоқда, Quartz прогнозларига кўра, йил охирига бориб машиналар компания штатининг 20 фоизини ташкил қилади. 

Миллий савдо федерацияси (NRF) прогнозларига мувофиқ, 2017 йилда чакана савдодаги сотувлар 4 фоизга ўсади. Онлайн-шоппинг янада тезроқ - йилига 10 фоизга ўсиб бормоқда. Amazon'нинг Америкадаги бизнеси бу ўсишнинг 35 фоизини ташкил қилади. Wall Street таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, онлайн-сотувлар ўсишининг 51 фоизи Amazon зиммасига тўғри келади. Компаниянинг ўсиб бораётган роботлар армияси нафақат қулай ва фойдали, балки юқори даражада самарали ҳамдир, бу эса уларнинг ишчи ўринлардан одамларни сиқиб чиқаришда давом этишидан далолат беради. 

McKinsey таҳлилчилари тадқиқотига мувофиқ, 2030 йилга бориб, автоматлаштирув бутун дунё бўйлаб 400-800 миллион кишини ишдан маҳрум қилади. Аҳоли дарҳол қайта ўқишига тўғри келади, лекин давлат томонидан қўшимча имтиёзларсиз бунинг иложи йўқ.