Ёдингизда бўлса, KUN.UZ таҳририяти томонидан “Хайрия акцияси: беморлик азобига бардош бераётган Мафтуна ёрдамга илҳақ” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди. Унда ошқозон ичидаги безлари катталашгани туфайли азият чекаётган Мафтуна исмли қиз ҳақида гап боради. Қизнинг даволаниши учун у Ҳиндистонга бориб жарроҳлик операцияси ўтказиши керак эди. Бунинг учун эса яхшигина маблағ талаб этиларди.

Ушбу мақола сайт орқали эълон қилингач, Мафтунага моддий ва маънавий кўмак берувчилар топилди. Аввалоси Яратган Эгамнинг инояти ва сўнгра ана шу саховатпеша инсонлар кўмаги орқали зарур маблағ тўпланди ва унинг Ҳиндистонга сафар кунларига яқин қолди. Шу сабабдан Мафтунани кузатиб қўйишни ният қилдик.

“Шунчалик қисқа муддатда ёрдам берилганидан жуда хурсандман”, дейди қизнинг онаси Рухшона Файзиева. “Аввало Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Орамизда сахий одамлар кўплиги мени қувонтирди. Қизим шифо топиб кетса бўлди. Яхшилик қўлини чўзган барчадан Аллоҳ рози бўлсин”.

Мафтунанинг бобоси барчани дуо қилди. Бу шундай дуо эдики, беихтиёр кўзга ёш қуйилади. Қалб титрайди. Нуроний отанинг яхшилар ҳақига қилган дуосидан кўнглимиз ёришган ҳолда, биз ҳам ич-ичимиздан Мафтунани дуо қиламиз. Биламиз, у кучли ва иродали қиз. Биламиз яхши кунлар ҳали олдинда, ҳали тўйлар бўлади, ҳали яна дуолар қилинади.

Tas-IX

YouTube