Дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири, Microsoft асосчиси Билл Гейтс шахсий блогида 2017 йилда унда энг катта таассурот қолдирган китоблар ҳақида маълумот берди.

"Мутолаа — қизиқишимни қондиришнинг севимли усули. Қизиқарли одамлар билан учрашиш ва иш бўйича ажойиб жойларда бўлиш бахтига муяссар бўлган бўлсам-да, барибир, китоб — сизни қизиқтирувчи янги мавзуларни ўрганишнинг энг яхши йўли. Бу йил мен мутлақо турли мавзуларга бағишланган асарларни танладим", - дейди Гейтс. Forbes мазкур китоблар рўйхати ва миллиардернинг уларга берган изоҳлари билан бўлишди.

Фото: Билл Гейтс шахсий блоги

1. "Қўлимиздан келган энг яхшиси", Тхи Буй (The Best We Could Do, Thi Bui)

Ушбу ажойиб график роман ота-она ва қочқин бўлиш қандай эканини тасвирловчи чуқур шахсий мемуарларни ўзида жам қилган. Муаллиф, рассом Тхи Буйнинг оиласи 1978 йилда Вьетнамдан қочган. Фарзандли бўлгач, аёл мустамлакачилар томонидан пароканда қилинаётган мамлакатда яшаган ота-онасининг тажрибаси ҳақида кўпроқ билишга қарор қилди.

2. "Кўчириб юборилганлар: Америка шаҳридаги қашшоқлик ва фаровонлик", Мэтью Десмонд. (Evicted: Poverty and Profit in the American City, Matthew Desmond).

Қашшоқликка доир муаммолар қандай боғланишини билмоқчи бўлсангиз, албатта, Милуокига кўчиш инқирози ҳақидаги бу китобни мутолаа қилишингиз керак. Мэтью Десмонд қашшоқликда яшовчи америкаликларнинг ажойиб портретини яратган. Унинг китоби менга бу мамлакатда қашшоқ бўлиш қандай экани борасида бошқа ҳар қандай китобдан кўра кўпроқ маълумот берди.

Фото: Getty Images

3. "Менга ишонинг: Севги, ўлим ва жаз товуқлари ҳақидаги мемуарлар", Эдди Иззард. (Believe Me: A Memoir of Love, Death, and Jazz Chickens, Eddie Izzard).

Стендап-комик Иззарднинг тарихи жуда қизиқ: унинг болалиги қийин кечган, Иззард табиат томонидан инъом этилмаган истеъдод етишмовчилигини енгиб ўтиш ва жаҳон юлдузига айланиш учун тиним билмай ишлаган. Унинг ёзма нутқи минбардаги чиқишларини ёдга солади, шу боис китобни ўқиш давомида бир неча марта бор овозим билан кулиб юбордим.

4. "Хуш ёқувчи", Вьет Тхан Нгуен. (The Sympathizer, Viet Thanh Nguyen).

Вьетнам уруши ҳақидаги мен ўқиган китоблар ва кўрган фильмларимнинг аксарияти Америка нуқтаи назарини илгари суради. Бир неча мукофот олган роман ўша йиллар икки ўт орасида қолган вьетнамликларга қандай қийин бўлгани ҳақида зарур маълумотларни тақдим этади. "Хуш ёқувчи" қайғули роман бўлишига қарамай, у шунингдек икки томонлама агент ва у тушган нохуш вазиятлар ҳақида ҳикоя қилади.

5. "Энергия ва цивилизация: тарих", Вацлав Смил. (Energy and Civilization: A History, Vaclav Smil).

Вацлав Смил — менинг севимли муаллифларимдан бири, бу асар ҳам шедевр. У бизнинг энергияга бўлган эҳтиёжимиз қандай қилиб инсоният тарихини шакллантирганига изоҳ беради. Бу оддий китоб, бироқ уни ўқиб, энергетикадаги инновациялар қандай қилиб цивилизация ривожи йўналишини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида янада кўпроқ билимга эга бўласиз.