Американинг Google компанияси видеоҳостинг хизматини кўрсатувчи YouTube сайтини зўравонликларни тарғиб қилувчи видеоконтент ва изоҳлардан тозалаш учун 10 минг кишини ёллашга қарор қилди.
 
Компания ўзининг видео платформасидаги "муаммоли лавҳалар"ни йўқотиш бўйича минглаб кишилар хизматидан фойдаланмоқда. Бундан ташқари реклама беришда ҳам жиддий чекловлар жорий қилинади ва ақлли технологиялардан янада самаралироқ фойдаланишни жорий қилади. 

2018 йилга келиб Google компанияси "фойдаланиш қоидаларини бузадиган лавҳаларга қарши курашувчи" 10 минг ишчига эга бўлади, деган YouTube ижрочи директори Susan Wojcicki. Бироқ у айни вақтда неча киши шу иш билан шуғулланаётганига ойдинлик киритмаган. 

"Айримлар бизнинг ошкоралигимизни нотўғри тушуниб талқин қилмоқда. Шундан фойдаланган ҳолда зиён етказишга уринмоқда", деган Wojcicki. Унинг қўшимча қилишича, YouTube сайти жамоаси ўтган 6 ой мобайнида 2 млн.га яқин видеони зўравонлик ва экстремистик мазмуни бўйича кўриб чиққан. 

"Биз, шунингдек? янги изоҳ бериш асбобларини ҳам ишга туширган ва баъзи ҳолларда тўлиқ ўчириш орқали изоҳлардаги агрессив фикрларга ҳам эътибор қаратмоқдамиз", - деган ижрочи директор. 

Шу билан бирга, таъкидланишича, компания ўз режаларини амалга оширишда фақат инсон ёрдамидан фойдаланиш ниятида эмас. Лавҳаларни ўрганувчи алгоритмлар ҳам июнь ойидан бери 150 мингдан ортиқ видеолавҳани YouTube сайтидан ўчириб ташлаган. 

"Бундай натижага эришиш учун 180 минг киши 40 ҳафта мобайнида ишлаши талаб этилар эди", - деган Wojcicki.