Кимларнидир даволаган шифокор аёлнинг ўзи яхшилар ёрдамига муҳтож бўлиб қолди. 

Ҳаётда ҳар кимнинг ўз орзуси, олийжаноб мақсадлари бўлиб, ҳамма шунга ҳаракат қилиб, интилиб яшайди. Орамизда саховатпеша, бировларнинг оғирини енгил қилишни ўзлари учун олий мақсад қилганларнинг кўпчилиги эса кишини қувонтиради. Аслида KUN.UZ таҳририятининг хайрия акцияларини ўтказишидан кўзлаган холис нияти ҳам шуки, зора биз сабаб бўлиб, бирор бемор юртдошимиз яқини шифо топса, мунгли кўзлари қувонса. 

Албатта, истиқомат қилаётганимиз бу ўткинчи дунёда Яратган ҳар кимга у кўтара оладиган даражада синов беради. Кимнидир ёрдам бера оладиган қилиб қўйса, кимнидир ўша ёрдамга муҳтож қилиб қўяди. Тақдир чархпалаги шундайки, ўша ёрдамга муҳтож бўлувчилар орасида бўлмаслик ҳеч биримизга кафолатланмаган. 

Қисматни қарангки, бир вақтлар болалар шифокори бўлиб ишлаган, икки нафар вояга етаётган фарзанд онаси Гулнора опа, эндиликда, шифокорлар қўлига қараб қолди. Қисқа вақт ичида биринчи гуруҳ ногиронига айланди. Бунинг сабаби унинг тос суяги ва қаддини тик тутиб, узоғини яқин қиладиган оёқларининг жиддий касалликка чалингани бўлди. 

Таҳририятимизга қилинган мурожаатдан сўнг, гуруҳимиз Тошкент шаҳар Олмазор тумани 1-Файзибаланд тор кўчаси 51-б уйда истиқомат қилувчи Ҳайдарова Гулнора опа хонадонида бўлиб, унинг дардига қулоқ тутдик. 

Маълум бўлишича, Гулнора опа болалар шифокори бўлиб бир неча йиллар фаолият юритган. Сўнгги икки йиллар мобайнида дарди кучайиб, ҳозирда юра олмай қолган. Бунга: умуртқа поғонаси бел-думғаза соҳасининг илдизча оғриқли синдром билан  остеохондрози, остеоартроз, полиартроз, Диск протуризиялари, 2 томонлама 3-даражали коксартроз ташхиси сабабдир. 

Гулнора опанинг сўзларига кўра, у Республика Ортопедия ва травматология институтида, Ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида ҳам даволанган. Бироқ касалликнинг кучли кўриниши бўлгани сабабли тос соҳасидаги оғриқлар кучайиб, сон суягининг тос суягига уланган қисми емирилиши натижасида юра олмай қолган. 

Бугунги тиббиёт технологиялари ривожланган даврда эса, бу касалликни даволаш усуллари мавжуд. Бунинг учун Гулнора опа Тошкентнинг ўзида жарроҳлик амалиётини ўтказиб, унга эндопротез қўйилса, оёққа туриши, вояга етмаган икки нафар ўғлининг орзу-ҳавасини кўра олиши мумкин. Аммо, бунинг учун Гулнора опа ва Алишер аканинг қўли қисқалик қилмоқда. Айни вақтда Гулнора опанинг турмуш ўртоқлари Алишер ака ҳам нафақада. Иккаласи 1,5 млн сўм атрофида пенсия олишади. 

KUN.UZ мухбири бу дардга шифо топиш мумкинлигини аниқлаш мақсадида Ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида бўлиб, протезлаш бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Умарали Ханапияев билан учрашди. Унинг маълум қилишича, ҳозирда ушбу марказга юқоридаги ташхис билан жуда кўплаб беморлар мурожаат қилмоқда. Уларга хорижий мамлакатларда ишлаб чиқилган эндопротезлар муваффақиятли равишда жарроҳлик амалиёти орқали қўйилмоқда. Ханапияевнинг билдиришича, эндопротезларнинг турли мамлакатда ишлаб чиқарилгани ва шунга биноан турли қийматдагиси бор. 

Иккита эндопротез қўйиш учун Гулнора опага 45 млн сўм атрофида маблағ талаб этилади. Бу пулни топиш учун мазкур оила емай-ичмай 30 ой нафақасини йиғиши лозим. Кишига бир нарса таскин берадики, улар хайр-саховат, эҳсонни хуш кўрувчи, чин-дилидан бировга билдирмай ёрдам берувчи саховатпеша инсонлар юртида истиқомат қилишади. Албатта, балки Гулнора опа оёққа тургандан кейин ҳам бу пулларни қайтара олмас, аммо эҳсон қўлини чўзганларнинг хайрли амалларини ҳисобга олувчи Зот борлиги барчамизни шу аёл, она, ватандошимиз ва аввало диндошимизга ёрдам беришга ундаса, нур устига аъло нур бўлар эди.

Хайр-эҳсон қилишни истаганлар эса, Гулнора опанинг турмуш ўртоқлари Алишер ака номига очилган қуйидаги банк карточкасига пул ўтказишлари мумкин бўлади. Келинг, яхшилар, имкон даражасида шу аёлга ёрдам қўлини чўзиб, шифо топишига кўмаклашайлик. Зора, биз бандасининг оғирини енгил қилсак, келиши шубҳасиз бўлган Ҳисоб кунида бизнинг машаққатимиз енгиллаштирилса!

Ҳайдаров Алишер 

Click/Payme ва бошқа пул ўтказишлар учун

Агробанк карточкаси: 8600 0417 6795 8441

Телефон: +998 94 680 17 52, +998 90 359 98 15

Tas-IX

YouTube