Ўзбекистон Республикаси Марказий банки чет эл валютаси олди-сотдиси бўйича банк хизматлари оммабоплигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган жисмоний шахсларга чет эл валютасини тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларига эркин сотиш ва конверсион бўлимларидан сотиб олиш ва чет элда ҳеч қандай чекловларсиз ишлатиш ҳуқуқи берилди.

Миллий валютанинг ягона тўлов воситаси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товар ва хизматлар (ишлар) учун чет эл валютасида тўловларни амалга ошириш тақиқланди.

Мамлакат ҳудудидаги барча тўловлар миллий валютада амалга оширилиши лозимлигини инобатга олиб ҳамда ноқонуний ва спекулятив операцияларнинг олдини олиш мақсадида эҳтиёж учун зарур бўлган валютани қонуний равишда эркин харид қилиш имконини берувчи чет эл валютасини сотиб олиш тартиби жорий этилди.

Жисмоний шахсларнинг конверсион карталаридан чет элда фойдаланиш бўйича барча чекловлар бекор қилинди, хусусан:     

• банкоматлар орқали чекланмаган миқдорда нақд чет эл валютасини ечиш имконияти яратилиб, барча мавжуд кунлик ва ойлик чекловлар бекор қилинди;      
• конверсион карталардан фойдаланишда мамлакат ва турли хил мақсадлар бўйича ўрнатилган чекловлар бекор қилинди. Эндиликда ушбу карталар орқали дунёнинг барча мамлакатларида исталган дўкон, меҳмонхона ва тўлов қабул қилиш имкони мавжуд бўлган нуқталарда тўловларни амалга ошириш мумкин;   
• конверсион карталардаги маблағлардан Ўзбекистондаги банклар орқали тегишли  ҳужжатлар (инвойс) тақдим этган ҳолда даволаниш, ўқиш ва бошқа мақсадлар учун фойдаланиш мумкин. 

Якка тартибдаги тадбиркорларга чет эл валютасини сотиб олиш имконияти берилди. Натижада истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларга чет эл валютасини жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, банклардаги ҳисобварақлар орқали сотиб олишга рухсат берилди (харид қилинган чет эл валютаси банк ҳисобварағига ўтказилади ва мижозга халқаро тўлов картаси тақдим этилади).

Шу муносабат билан, якка тартибдаги тадбиркорлар чет эл валютасини чекланмаган миқдорда харид қилиб, ушбу маблағларни ўз хоҳишига кўра, жорий халқаро операциялар (товар ва хизматлар импорти) тўловлари учун йўналтиришлари мумкин. Бунда чет эл валютасини харид қилишда савдо тушуми ва банкка кирим қилинган маблағлар ҳисобидан амалга оширишлари мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорлар харид қилинган чет эл валютасини чекловларсиз фойдаланишлари мумкин:         

• мамлакат ҳудудидан ташқарида – халқаро тўлов карталари орқали, шу жумладан банкомат орқали нақд чет эл валютасини ечиб олиш йўли билан;       
• мамлакат ҳудудида – тасдиқловчи ҳужжатлар (инвойс ёки тўлов учун ҳисоб, импорт шартномаси ва б.) асосида банк ўтказмаси йўли билан.

Доимий равишда аҳолининг чет эл валютасига бўлган талабини қондириш учун янги банк инструментлари жорий қилинмоқда. Хусусан, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида:        

• конверсион карталар орқали меҳмонхона, авиачипталар, онлайн-дўконлардаги харидлар ва бошқа мақсадлар учун интернет-тўловларни амалга ошириш мумкин.        
• чет элга пул ўтказмаси амалга оширилаётганда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги нақд пул маблағларини, шу жумладан, уларнинг банк карталаридаги маблағларини автоматик тарзда конвертация қилиш тартиби жорий қилинган.

Банк хизматлари нархини пасайтириш, тижорат банклари ўртасида рақобатни ривожлантириш шароитини яратиш учун бозор механизмлари жорий қилинмоқда.

Натижада, сўнгги пайтларда юридик ва жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш билан боғлиқ банк комиссияларининг пасайиш тенденциялари кузатилмоқда. Ҳозирги кунда юқорида кўрсатилган операцияларни ўтказишда банк комиссиялари қуйидагича белгиланган:

• конверсион карта орқали тўлов учун – 0,5-1,0%;
• жисмоний шахслардан чет эл валютасини сотиб олишда комиссия ундирилмайди;
• юридик шахслар маблағларининг конвертацияси учун – асосан 0,2-0,5%.