Хитой Марказий банки раиси ўринбосари Пан Гуншэннинг фикрича, биткоин эртами ёки кечми, барибир йўқ бўлиб кетади. У Пекиннинг жорий кузда криптовалюталарга нисбатан қабул қилган кескин чораларидан афсусда эмаслигини билдирди, сабаби уларсиз ҳозирги биткоин-ралли Хитой молия тизими учун вайронакор оқибатларга олиб келган бўларди, деб ёзмоқда Quartz.

Пан Гуншэн биткоин курсининг кескин ошиши ва Хитой ҳукуматининг тақиқлов чоралари ҳақидаги ўз фикрларини Шангҳайда молия форумининг очилишига бағишланган матбуот анжуманида билдириб ўтди. Сентябрда маҳаллий аҳоли учун ICO ва криптовалюталар айирбошлаш бўйича хизматларни тақиқлашга доир қабул қилинган қарор ҳақида тўхталиб ўтиб, Хитой МБ раиси ўринбосари уларни тўғри, деб ҳисоблашини маълум қилди. «Хитой қачонлардир биткоин бозорида етакчи бўлган: биз бу валюта бўйича жаҳон савдосининг 90 фоизига эгалик қилганмиз, - дейди у. – Агарда биз ўшанда бу чекловларни жорий қилмаганимизда, ҳозир нималар рўй бериши мумкинлигини тасаввур қилишга ҳам қўрқаман. Мен бу ҳақда ўйлар эканман, қўрқувга тушаман».

Гуншэн франциялик иқтисодчи Эрик Пишенинг мақоласига таянган, унда иқтисодчи биткоинни XVII асрдаги «лолалар васвасаси» ва 2000-йиллар бошидаги «доткомлар пуфаги» билан таққослайди. Пишенинг тахмин қилишича, биткоин йирик ҳакерлик ҳужуми ва ўғирлик, блокчейн-тармоғининг бузилиб кирилиши ёки йирик давлатлар ҳукуматлари томонидан коллектив тақиқ туфайли йўқ бўлиб кетади. Гуншэн ўз нутқи якунида Пишенинг сўзларидан иқтибос келтирган: «Бизга Кейнс ўргатганидек, бозор сиз ўйлаганингиздан ҳам кўпроқ вақт давомида иррационал қолиши мумкин, ва сизда тўлов қобилияти бор ёки йўқлигидан қатъи назар узоқроқ туради». «Соҳилбўйида ўтириб, биткоиннинг жасади оқиб ўтишини кутиб ўтириш керак, холос», - деди Гуншэн хитойликлар орасида машҳур бўлган иборани бироз ўзгартириб.

Хитой ҳукумати аксарият аҳоли иштирок этадиган турли олибсотарлик бозорларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлади. Бироқ, расмий биржаларда криптовалюталарни сотиб олиш-сотиш ҳамда ICO ўтказишга қўйилган тақиқдан сўнг, хитойликлар биткоиннинг «қора» бозорига ўтишди, Хитой криптобиржалари эса ўз хизматларини хорижий инвесторларга таклиф эта бошлади. Эҳтимол, ҳукумат янада кескинроқ чораларни кўриши керак бўлади. Пекин ўз ҳудудида майнингни ва криптовалюталарнинг исталган айланмасини тақиқламоқчи экани ҳақида миш-мишлар юрибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг дин ишлари бошқармаси биткоинни ислом ғояларига зид деб тан олди. Бу унинг чайқовчилик хусусияти билан боғланган.