2018 йилнинг 1 январ кунидан UzCard банклараро тўлов тизими томонидан “DUET” карталари орқали пул ўтказмалари тўхтатилади. Бу ҳақда Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази​ Ахборот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, “DUET” карталари бугунги кун талабларига жавоб бермаётгани ва қуйида келтирилган бир қатор омиллар бундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлди:

- мобил илова, СМС-хабарнома ва балансни текшириш хизматларини  ўрнатиш имконияти мавжуд эмаслиги;

- йўқотилган ва ўғирланган “DUET” пластик карталарини қайта тиклаш учун  камида 20 кун талаб қилиниши;


- оператив равишда картани блокка тушириш имконияти йўқлиги. Агарда “DUET” картаси йўқотилган ёки ўғирланган бўлса, уни фақат банк орқали блоклаштириш мумкин. Банк ўз навбатида, ушбу картани “stop-list” га киритиш учун яна қўшимча вақт сарфлайди. Тезкорликнинг йўқлиги сабабли, блокланмаган картадан транзакциялар амалга оширилиши, натижада  эса карта эгаси молиявий зарар кўриши мумкин.
Маълумот учун, “UzCard” банклараро тўлов тизими жорий йилнинг 3-чорагида  DUET (“оффлайн”)  карталар орқали амалга оширилган банклараро транзакцияларнинг умумий сони 14,2 минг транзакциядан иборат бўлиб, 16,3 млрд. сўмни ташкил қилди. Ўтган йилнинг шу вақт оралиғида банклараро транзакцияларнинг умумий сони 1,9 млн. бўлиб, миқдори эса 1,06 трлн. сўмни ни ташкил қилган.​