БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо 8 та давлат АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олиниши ҳақидаги баёноти сабабли жорий ҳафтада БМТ бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказишни сўради. Бу ҳақда Швециянинг БМТдаги ваколатхонасида маълум қилинди.  

Фавқулодда йиғилиш ўтказилишини Боливия, Миср, Франция, Италия, Сенегал, Швеция, Буюк Британия ва Уругвай делегациялари сўраган.

БМТ бош қароргоҳидаги манбанинг маълум қилишича, йиғилиш 8 декабрда ўтказилиши мумкин.

6 декабрда Трамп “Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиш вақти келди”, деб айтган ҳамда АҚШ давлат департаментига АҚШнинг Тель-Авивдаги элчихонасини Ал-Қудсга кўчиришга тайёргарлик кўришни бошлаш вазифасини топширган. БМТда Вашингтоннинг бу қадамига хавотир билан муносабат билдирилган. Жумладан, БМТ бош котиби Ал-Қудснинг мақоми фақатгина Исроил ва Фаластин томондан ҳал қилиниши мумкинлигини айтган.   

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли Трампнинг элчихонани Ал-Қудсга кўчириш қарорини “тарихий ва журъатли” деб атаган. 

Хейлининг исроиллик ҳамкасби Данни Данон ҳам АҚШ маъмурияти қарорини қутлаб, у “тарихий хатони тўғрилаганини” айтган ҳамда қолган давлатларни ҳам АҚШдан ўрнак олишга чақирган.