Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббоснинг фикрича, Шарқий Ал-Қудс Фаластин пойтахти деб тан олинмагунча минтақада тинчлик-осойишталик бўлмайди. Бу ҳақда ФАТҲ ҳаракати марказий қўмитаси аъзоси Аъзам ал-Аҳмад айтиб ўтган.

Унинг айтишича, Аббос АҚШ Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиши бўйича  баёнотида “Шарқий Ал-Қудс Фаластин пойтахти деб олинмас экан, минтақада тинчлик-осойишталик бўлмаслиги” ҳақидаги позициясини аниқ билдирмоқчи. 

Ал-Аҳмаднинг маълум қилишича, Вашингтоннинг ушбу қарори бўйича аниқ чоралар “Фаластин раҳбарияти томондан душанба куни махсус йиғилишда” қабул қилинади. Бундан ташқари, “ҳозирда араб давлатларининг олий даражадаги фавқулодда учрашувини чақиртириш бўйича маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда”. 

Ал-Аҳмад АҚШ маъмурияти вакилларининг АҚШ президенти Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилиши жараёнига содиқлиги ҳақидаги сўзларини ёлғон деб атади. “Бу бошқа ҳеч кимни алдаб бўлмайдиган ёлғондир”, деб изоҳ берган бу баёнотларга ал-Аҳмад.  

Ал-Қудс мақоми Фаластин-Исроил ихтилофидаги энг муҳим муаммолардан бири бўлиб, исроилликлар 1967 йилги урушда шаҳарнинг шарқий қисмини эгаллаб олишган. Улар Ал-Қудс Исроил пойтахти эканини таъкидлашмоқда. Фаластинликлар ҳам шаҳарнинг шарқий қисмини ўз давлатлари пойтахти қилишмоқчи.