Европа Иттифоқи жаҳоннинг 17 мамлакатини ҳаддан ортиқ солиқ имтиёзлари беришда айблаб, солиқ бўйича “қора рўйхати”га киритди. 

ЕИ рўйхатида Жанубий Корея, Барбадос, Сент Лусия, Баҳрайн, Панама ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларнинг номи мавжуд. Улар “солиқ масалаларида ҳамкорлик қилмайдиган мамлакатлар” деб аталувчи рўйхатга киритилган. 

ЕИга кўра, мазкур мамлакатлар “ташқи сиёсат, иқтисодий муносабатлар ва ҳамкорликни ривожлантириш”га доир жазо чоралари билан юзма-юз келиши мумкин. 

Ушбу давлатлар солиқ имтиёзларини тақдим этишда айбланмоқда. Бу уларнинг нохолис солиқ амалиётларини ўтказишини ёки ЕИ билан муҳим молиявий маълумотларни алмашмаслигини билдиради. 

Кариб ҳавзаси мамлакатларининг айримлари, жумладан Британия Виржин ороллари минтақада ҳукм сурган довуллар сабабли бу рўйхатга вақтинча киритилмаган. Бироқ кейинчалик янгиланган рўйхатга киритилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. 

ЕИ солиқ бўйича “қора рўйхати”ни камида йилига бир марта янгилаб туришини билдирмоқда. Бу йилги рўйхатга эса қуйидаги давлатлар киритилди:

Америка Самоаси, Баҳрайн, Барбадос, Гренада, Гуам, Жанубий Корея, Макао, Маршалл ороллари, Мўғулистон, Намибия, Палау, Панама, Сент Лусия, Самоа, Тринидад ва Тобаго, Тунис, БАА. 

Бошқа баъзи давлатлар шаффофликни ошириш, солиқ қонунчилигини ўзгартириш ва ислоҳотлар ўтказиш орқали ижобий натижаларга эриша бошлагани туфайли бу рўйхатдан четда қолган.