KUN.UZ таҳририяти орқали жорий йилнинг 5 октябрь куни “Ҳар куни илтижо қиламан” Номаълум хасталик билан курашаётган Зиёда ёрдамга муҳтож” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолада иккинчи фарзандини дунёга келтиргач, номаълум хасталикка учраган Зиёда Ортиқова исмли аёл тақдири ҳақда сўз юритилади. Номаълум дейилганига сабаб Зиёданинг касали нима эканлигига Ўзбекистонда аниқ ташхис қўйиб бера олишмайди. Аёлнинг моддий имконияти чеклангани ва шу боис хорижга чиқиб даволаниб келолмаётгани учун таҳиририят хайрия акциясини ўтказган эди.

Хайрли амаллар бесамар кетмайди, кўпчиликнинг дуоси ижобат. Мақола эълон қилингач, саховатпеша инсонлар кўмакка келди. Шифокорлар эса ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, турли тавсиялар беришди. Тушган маблағлар ҳисобига зарур дори-дармонлар олинди. Энг муҳими Зиёданинг касаллигига аниқ ташхис қўйиш учун туркиялик мутахассислар билан маслаҳатлашилди.

Зиёда айни кунларда Туркияда даволанмоқда. Айни дамда унинг саломатлиги олдингига қараганда анча яхши. Туркиялик шифокорлар унга ташхис қўймоқда. Зиёда таҳририятимизга йўллаган видеомурожаат орқали хайрия акциясида қатнашиб, унга кўмак берган барчага миннатдорлик билдирди.

“Ассалому алайкум. Мен ҳозир Истанбулда жойлашган шифохоналардан бирига даволаниш учун келдим. Шу ерга келиб даволанишимга сабабчи бўлган ўзбек халқига катта раҳмат айтмоқчиман. Айниқса, чет давлатда юрган ва даволанишим учун мендан ўз ёрдамларини аямаган юртдошларимга ҳам алоҳида ташаккур айтмоқчиман”, дейди у.

Умид инсонни ҳар доим ҳаётга чорлайди. Энг сўнгги дақиқаларда ҳам унга куч беради. Зиёданинг умиди катта, азизлар, унга ёрдам берайлик. Токи, биздан яхшилик қолсин. Бунинг ажрини Аллоҳнинг ўзи барчамизга, албатта, насиб этади.

Tas-IX

YouTube