Буюк Британия пойтахти мэри Содиқ Хон ал-Қудс билан боғлиқ вазият фонида Қўшма Штатлар етакчиси Дональд Трамп Лондонга ташрифни режалаштирмагани маъқуллиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Geo TV хабар бермоқда.

«Мен бу вазият бўйича тушунарли фикр билдирдим: у (Трамп – таҳ.) давлат ташрифини режалаштирмагани маъқул. Лондонда истиқомат қилувчилар унинг ишқибозлари эмас. Мен у Лондонга февралда келиш ниятида эканини эшитдим, бироқ давлат ташрифи билан эмас экан. Хўп, кўрамиз», - дея айтиб ўтди Хон.

6 декабрь куни Қўшма Штатлар етакчиси АҚШ ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиши ҳақида расман маълум қилди.

Аввалроқ эса Лондон мэри Трамп Буюк Британияга ташриф билан келишини хоҳламаслиги ҳақида маълум қилганди. Бу АҚШ президенти Twitter’даги ўз саҳифасида мусулмонларга қарши кайфиятдаги видеороликларга ҳаволаларни жойлаштирганидан сўнг юз берди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам АҚШ етакчиси Дональд Трампнинг ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиши бўйича қарорини қоралаб чиқди. Унинг фикрига кўра, АҚШ «БМТнинг ал-Қудс бўйича 1980 йилги қарорини топтади, уни ҳали ҳеч ким бузмаганди».