Леонардо да Винчининг ўтган ой кимошди савдосида рекорд даражадаги 450 миллион долларга харид қилинган "Дунё қутқарувчиси" картинаси Абу-Дабидаги Луврда намойиш этилади. 

"Да Винчининг "Дунё қутқарувчиси" Абу-Дабидаги Луврга йўл олмоқда", - дея араб, инглиз ва француз тилларида маълум қилинди музейнинг Твиттердаги саҳифасида.

Картина харидига оид сир махфийлигича қолди. Нью-Йоркдаги Christie's савдоларида Леонардонинг санъат асарини ким сотиб олгани ҳали-ҳануз номаълум. Картинага аввал россиялик ишбилармон Дмитрий Риболовлевнинг оиласи эгалик қилган.

Харидор кимошди савдосида телефон орқали қатнашган ва анонимликни сақлаб қолишни маъқул топган. Савдолар 20 дақиқа давом этган, бошланғич ставка эса 100 миллион доллар бўлган.

New York Times версиясига кўра, Да Винчининг шедеври учун рекорд сумма саудиялик шаҳзода Бадир бин Абдулла бин Муҳаммад бин Фархан ол-Сауд томонидан тўланган. Газетада ёзилишича, у валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг дўсти ва бизнес-ҳамкори.

Бошқа маълумотларга кўра эса, Франциянинг Journal du Dimanche нашри икки инвестфирма бир неча йирик музейлар билан шартнома имзолаб, картинани харид қилганини маълум қилган. Энди эса Леонардонинг санъат асарини ижарага беришади ёки Яқин Шарқ ё Осиёдаги музейлардан бирига сотишади, дейилади манбада.

Да Винчи 1519 йилда ҳаётдан кўз юмган, ундан кейин қолган санъат асарлари сони 20дан кам. Улардан фақат биргина "Дунё қутқарувчиси" хусусий коллекцияларида бўлган. Картина 1505 йилдан кейин яратилган, дея тахмин қилинади.

Баъзи экспертлар картина муаллифлигига ҳануз шубҳа билан қарашади. Christie's эса картина асл экани "ХХ асрнинг энг буюк бадиий кашфиёти" эканини таъкидлайди.

Абу-Дабидаги Лувр музейи ноябрь ойининг бошида очилган, музейнинг француз меъмори Жан Нувель лойиҳаси остидаги қурилиши 1,3 миллиард долларга тушди.