6 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олинишини эълон қилди. Бундан аввалроқ у Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос ва Иордания қироли Абдулла II АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Ал-Қудсга кўчирмоқчи экани ҳақида хабардор қилганди.

Трампнинг бу қарорини минтақадаги давлатлар ҳам, Европадаги иттифоқчилар ҳам норозилик билан қарши олишди, улар бу қарор Яқин Шарқдаги вазиятни янада таранглаштириши мумкинлигидан хавотир билдиришди.

Қуйида ушбу мавзунинг асосий қисмлари келтирилади. Нима учун шаҳарнинг мақоми 70 йилдан ортиқ вақтдан буён аниқ эмаслигига изоҳ изланади.

Можаро тарихи

1947 йилнинг 29 ноябри — БМТ Бош ассамблеяси Британиянинг Яқин Шарқдаги мандати қисмларга бўлинишига ва бу ҳудудда яҳудийлар ҳамда араблар давлати тузилишига розилик берди. Ал-Қудс (Қуддус) БМТ назоратидаги махсус ҳудуд бўлиши керак эди. Яҳудийлар бу режани маъқуллашди, араблар қарши чиқишди — улар ўзларига берилган ҳудуднинг ҳажми ва сифатидан норози эди.

Жамол ал-Ҳусайний - Араб қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи

1947 йил 24 ноябрь — «Агар яҳудийлар Фаластиннинг бир парчасини қўлга киритса ҳам, замин олов ва қонга ботиши керак».
1948 йил 16 апрель — «Яҳудийлар агентлиги вакили улар ҳужум қилмаганини айтди. Аммо араблар тўқнашувга киришган. Биз буни инкор этмаймиз. Биз жанг қилишимиз ҳақида бутун дунёга жар соламиз».

1948 йил 14 май — Яҳудийлар агентлиги раиси Давид Бен-Гурион Буюк Британия қўшинлари чиқиб кетгач мустақил Исроилни бошқара бошлайди.
1948 йил 15 май — Миср, Сурия ва Трансиордания иттифоқчилигидаги Араб лигаси давлатлари қўшини Британия қолдириб кетган ҳудудларга ҳужум бошлайди. Иорданиялик ҳарбийлар бир ярим йил давомида Қуддусга ҳужум қилишади ва унинг шарқий қисмида назорат ўрнатишади.
1948 йил 13 декабрь — Трансиордания Шарқий Қуддусни босиб олади. Буни фақат Буюк Британия, СССР ва Покистон тан олади.
1949 йил 19 декабрь — Исроил Ғарбий Қуддусни ўз пойтахти деб эълон қилади. Бир ярим йил ўтиб Трансиордания Шарқий Қуддусни ўз пойтахти деб эълон қилади ва яҳудийларни Эски шаҳарга ҳамда яҳудийлар қабристонига ўтказмай қўяди.
1967 йил 5 июнь — Исроилнинг шу вақтгача турли ҳодисалар рўй бериб турган Миср ва Сурия билан чегарадош ҳудудларидаги можаролар қуролли қаршилик босқичига кўтарилди ва Олти кунлик уруш деб номланди. Унинг оқибатлари Исроилнинг минтақадаги ўрнини буткул ўзгартириб юборди: урушгача яҳудийлар мамлакати ҳануз мавжуд бўлиб турганининг ўзини кўпчилик мўъжиза ҳисоблаб келаётган эди. Шу куни иорданлар Ғарбий Қуддусни ўққа тутди, шундан сўнг ЦАХАЛ қарши ҳужумга ўтди ва 3 кун ичида Шарқий Қуддусни эгаллади. Исроилликлар ҳар томон ҳаракатланиб, Миср, Сурия ва Иордания армияларини тор-мор этишди.

Олти кунлик уруш якунлари исроилликларнинг ўзи учун ҳам мутлақо кутилмаган тарзда бўлди. Миср, Сурия ва Иордания армиясига сон жиҳатидан бир неча бор ютқазувчи Исроил армияси олти кун ичида 68,7 минг квадрат километрга майдонни босиб олади: Ғазо бўлгаси, Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳили, Қудснинг шарқий қисми, Суриянинг жавлон тепаликлари ва Мисрнинг Синай ярим ороли. Уруш мобайнида Исроил томонининг йўқотишлари ўлдирилган 800 ҳарбий, 2,5 минг ярадор билан ўлчанган бўлса, араб кучлари 15 минг аскардан маҳрум бўлишган.

1980 йил 30 июль — Исроил парламенти Қуддусни Исроилнинг ягона ва бўлинмас пойтахти деб эълон қилди.

1980 йил 20 август — БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроил «оккупациячи держава» деб аталган ва ташкилот аъзолари унинг пойтахтини тан олмаслиги кераклиги ҳақидаги резолюцияни қабул қилди.

1995 йил 8 июль – АҚШ Конгреси Қўшма Штатлар элчихонани Тель-Авивдан Қуддусга кўчириши кераклиги қайд этилган қонунни қабул қилди. Кейинги 20 йилда АҚШнинг 3 президенти— Билл Клинтон, кичик Жорж Буш ва Барак Обама —  Яқин Шарқдаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкин бўлган қадамлардан қочиб, ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда қонуннинг ишга тушишини ортга суриб келган. 

Муносабат

Қуддус мэри Нир Баркат Америка ҳукуматининг қарорини тарихий қадам деб атаган ва Трампни нафақат элчихонани кўчириш, балки Исроил пойтахтини тан олишга чақирганди.

«Мерец» партияси етакчиси Захав Гальон Трампнинг қарори «кераксиз муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги», Қуддус Америка элчихонасисиз ҳам Исроилнинг пойтахти эканини айтди.

Арабпараст партия бўлмиш ТААЛЬ етакчиси Аҳмад Тиби Трампнинг қарорини «сиёсий ҳужум» деб баҳолади.

Кнессетдаги Араб блоки раҳбари Айман Уда АҚШ президентини ақлсизлик билан катта ҳудудларни олов ичида қолдиришга тайёр «пироманьяк» деб атади.

Оқибатлар

BuzzFeed нашрининг Америка олий раҳбариятидаги манбаси маълум қилишича, элчихонани кўчириш қарори АҚШнинг Қуддус «чегаралари ва ўлчовлари» бўйича расмий муносабатини ўзгартирмайди. Қўшимча қилинишича, элчихона қурилиши 3-4 йил вақт олади.

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Фредерика Могерини АҚШ президентини «вазиятни таранглаштириши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиш»га чақирди.

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй қиролликнинг Қуддус масаласидаги позицияси ўзгармас эканини маълум қилди, у шаҳар Исроил учун ҳам, Фаластин давлати учун ҳам пойтахт бўлишда давом этиши керак, деган фикрни билдирди.

Иордания қироли Абдулла II маълум қилдики, Трампнинг қарори Америка маъмуриятининг Яқин Шарқдаги тинчликни таъминлаш бўйича истакларига зарар келтириши мумкин. Ушбу монарх шаҳар мақоми минтақадаги тинчлик учун муҳим эканини қайд этди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қўшма Штатларнинг қарорини «мусулмон олами учун қизил чизиқ» эканини айтди.

АҚШнинг Қуддусдаги консуллиги америкалик фуқароларни Эски шаҳарга ва одамлар кўп тўпланадиган бошқа жойларга бормасликка чақирди. Дипломатик миссия ходимларига бу ҳудудларга фақат зарурат туғилганида, қўшимча қўриқчилар билан боришга рухсат берилган.