Америка президенти Дональд Трампнинг Қудс бўйича қабул қилган қарори аҳамиятига кўра яҳудийлар давлатининг ташкил этилиши билан тенг, деган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу.

Чоршанба куни АҚШ Қудсни Исроил пойтахти деб тан олишини ва у ерга Америка элчихонасини кўчиришини эълон қилган эди.

«Сионизм тарихида буюк воқеалар бўлган: Бальфур декларацияси, яҳудийлар давлатининг ташкил топиши, Қудснинг озод этилиши ва кечаги — Трампнинг баёноти», — деган Нетаньяху. Унинг видеоролиги  бош вазир девонхонаси томонидан Twitter’да эълон қилинган.

Нетаняҳунинг сўзларига кўра, Трамп «тарих яратмоқда» ва унинг Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиши, шунингдек, бу шаҳарга АҚШ элчихонасини кўчириш нияти жамики сиёсий ва диний кучлар учун «буюк воқеа» ҳисобланади.

«Бу ҳам ўнглар, ҳам сўллар, шунингдек, ҳам диндорлар, ҳам дунёвийлар учун буюк ва бирлаштирувчи онлардир», — дея ўз сўзини тугатган Исроил бош вазири.

Исроил шаҳарнинг ярим аср муқаддам Иорданиядан тортиб олинган ва кейинчалик аннексия қилинган шарқий қисмлари ва тарихий маркази билан биргаликда Қудсни «ягона ва яхлит» пойтахти санаб келади.

Жаҳон ҳамжамияти, сўнгги дақиқагача АҚШ ҳам бу аннексияни тан олмай келмоқда эди ва шаҳарнинг статуси Яқин Шарқ можаросида Қудснинг шарқий қисмига даъво қилувчи фаластинликлар билан билан келишув асосида ҳал қилиниши лозим бўлган ўзак муаммолардан бири ҳисобланарди.