Илм-фан жадаллик билан ривожланиб бораётган ҳозирги замонда отинойиларнинг билимига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Замон талабига жавоб бера оладиган маърифатли отинойи дунёвий ва диний билимларни ўзлаштириши, шунингдек, мазҳаблар ҳақида ҳам пухта маълумотга эга бўлиши ғоят аҳамиятлидир, дейилади Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати тарқатган хабарда.

“Отинойи номига муносиб бўлиш учун халқ ишончини оқлаши, маънавий ёрдамга муҳтож инсонларга ҳусни хулқда бўлиши, турли маросимларга борганда риё, манманлик ва тамагирлик қилмаслиги керак. Отинойилар бир-бирини ҳурмат қилиши, турли масалаларда маслакдош бўлиб иш олиб боришлари лозим.

Қуйида ҳурматли отинойиларимизга баъзи тавсияларимиз борки, уларга амал қилишса, иш фаолиятлари самарали, билим савиялари янада ошади, иншоаллоҳ:

1. Уйингизда алоҳида кутубхона бўлишига эътибор беринг. Ҳар ой янги китоб сотиб олишга ҳаракат қилинг;
2. Фикр доирангизни кенгайтириб боринг. Замон талабига мувофиқ келадиган илмларни эгаллашга ғайрат қилинг;
3. Илм олишда ва дин йўлида энг сўнги замонавий воситалардан (компютер, аудио-видео материаллар, интернет, китоб ва электрон китоблар) унумли фойдаланинг;
4. Сўзлашиш ва муомала услубингизни гўзаллаштиринг. Ушбу мавзуга оид манбалар билан танишиб боринг;
5. Ишингизни режа асосида олиб боринг, бир хилликдан қочинг;
6. Ўзингизга ҳар кеча ўтган кунингиз юзасидан ҳисобот беринг;
7. Турли даврада бўласиз, давра ва вазиятга мос услубда гапиринг. Сўзингиз ва амалингиз бир бўлсин;
8. Ҳаммага эътиборли бўлишга ҳаракат қилинг, инсонларда доимо яхшиликка интилиш туйғусини уйғотишга ҳаракат қилинг;
9. Сиз туфайли бир инсоннинг тўғри йўлга кириши дунё ва ундаги барча нарсадан яхшилигини эсда сақланг;
10. Бошқа отинойилар билан муносабатингиз гўзал бўлсин, уларни ҳурмат қилинг. Ўрганган билимингизни бошқалар билан баҳам кўришга интилинг;
11. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Буюк ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим» деган ҳадисларини ўзингизга шиор қилиб олинг.

Хулоса қилиб айтганда, юксак маданиятга эга маърифатли отинойиларимиз халқимиз зийнатидир. Шундай экан, илми ва эзгу амаллари билан аёл-қизларимизга ўрнак бўлиб, зиё тарқатиб келаётган отинойиларимизга куч-ғайрат сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.