Россия Тожикистонга МДҲ иштирокчи давлатлари ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари (кучлари)ни босқичма-босқич қуроллантириш доирасида авиация ва зенит-ракета техникасини етказиб беради. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси Ахборот-таҳлил департаменти матбуот хизмати хабар берди.

МДҲ Ижроия қўмитаси расмий сайтида эълон қилинган «МДҲ давлатлари ҳаво-космик мудофаасининг бирлашган тизимини яратиш - Ҳамдўстлик доирасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг муҳим мақсади» мақоласида таъкидланишича, ҳарбий-техник ҳамкорлик доирасида ҳаво ҳужумидан мудофаа техникасини модернизация қилиш ва ресурсини узайтириш бўйича қўшма ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Хусусан, МДҲ давлатлари ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари (кучлари)га замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника, автоматлаштирилган бошқарув тизимларини етказиб бериш режалаштирилган.

Жумладан, РФдан Қозоғистонга зенит ракета қуролларини етказиб бериш, Қирғизистон Республикасида алоқа тизимларини модернизация қилиш ва замонавий техника билан жиҳозлаш, РФдан Тожикистон авиация ҳамда зенит ракета техникаси етказиб бериш, Арманистон ва Беларусдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа техникасига эҳтиёт қисмлари ҳамда бошқа мулкларни топшириш мўлжалланмоқда.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари рўйхатига, шунингдек, «Окно» космик маконни кузатиш учун оптик-электрон узел ҳам киритилган, у Тожикистоннинг Нурекида жойлашган.