Украинанинг “Шахтёр” клуби бош мураббийи Паулу Фонсека Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги турида “Манчестер Сити”га қарши учрашувдан кейин матбуот анжуманига Зорро кийимида келди. Бу ҳақда Донецк клубининг твиттердаги аккаунтида маълум қилинди.    

Фонсека инглиз клуби билан учрашувдан олдин агар “Шахтёр” плей-офф босқичига чиқа олса, Зорро кийимини кийишга ваъда берганди.

“Шахтёр” “МанСити”ни 2:1 ҳисобида ютиб, мусобақанинг кейинги босқичига йўл олди.

Зорро ўйлаб топилган бадиий қаҳрамон бўлиб, ночор одамларга ёрдам беради. Илк бор ёзувчи Жонстон Маккаллининг саргузашт ҳикояларида пайдо бўлган. Бу қаҳрамон ҳақида бир нечта бадиий фильмлар суратга олинган.