Президент матбуот хизмати Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинган куннинг 25 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимдаги нутқини тақдим этди.

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Барчангизни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ айём – мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик байрами билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Йигирма беш йил – тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни энг аввало Конституциямиз билан боғлашимиз албатта бежиз эмас. Нега деганда, Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.

Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.

Қадрли юртдошлар!

Бугун Конституциямизнинг 25 йиллик байрамини нишонлар эканмиз, Асосий қонунимизни яратишда унутилмас хизмат қилган инсонлар номини чуқур ҳурмат билан тилга оламиз.

Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида 1990 йил июнь ойида тузилган Комиссиянинг икки йиллик машаққатли меҳнати натижасида Конституциянинг биринчи, иккинчи ва сўнгра учинчи лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Ушбу Комиссия аъзоси сифатида мен ана шу тарихий жараёнда бевосита иштирок этганимни доимо фахр билан эслайман. Конституциянинг яратилиши билан боғлиқ қизғин баҳс-мунозаралар, турли ғоя ва фикрлар ҳали ҳам хотирамда.

Асосий қонунимиз икки марта – 1992 йил сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига олиб чиқилди. Лойиҳалар муҳокамасида кенг жамоатчилик, бутун халқимиз фаол иштирок этиб, мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, унинг келажагига дахлдор кўплаб фикр-мулоҳазалар ва таклифларни билдирди.

Умумхалқ муҳокамаси якунларига кўра, Бош қомусимиз лойиҳасига
100 га яқин тузатишлар киритилди ва 1992 йил 8 декабрь куни Олий Кенгаш сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.

Мана шу ўтган чорак аср давомида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда. Бу эса унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан далолат беради.

Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, албатта.

Айни пайтда биз Асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида ҳали олдимизда улкан вазифалар турганини яхши тушунамиз.

Яъни, халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак. Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур.

Айнан шу мақсадда биз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяр эканмиз, салоҳият ва имкониятларимизни холис баҳолаш билан бирга, хато ва камчиликларимизни ҳам атрофлича танқидий таҳлил қилдик.

Шу асосда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Мазкур ҳужжат моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланди.

Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида шу йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонун ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинган 2017 йилда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган ғоя асосида катта ишлар амалга оширилди.

Бу ишлар Конституциямизнинг асосий тамойилларини рўёбга чиқаришда яна бир улкан қадам бўлди.

Албатта, бу ҳақда узоқ ва батафсил гапириш мумкин. Лекин бугунги тантанали маросим янгича мазмун ва йўналишда ўтаётганини ҳисобга олиб, мен фақат энг муҳим ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.   

Жорий йил якунлари ва янги йилга ном бериш тўғрисида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқин кунларда Олий Мажлис палаталарига тақдим этиладиган Мурожаатномасида атрофлича фикр юритилади, албатта.  

Маълумки, бу йил давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги институт – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Ушбу тузилмалар барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизимига айланди.

Ҳокимиятнинг халқ сайлаган вакиллик органлари – парламент, халқ депутатлари кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан ўзгарди. Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, парламент ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланди.

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида туманлар даражасида халқ депутатлари кенгашлари таъсис этилди. Шу вақтгача пойтахт туманларининг фуқаролари бундай имкониятга эга эмас эди.

Биз бу борада адолатни тиклаб, Конституциямизга тегишли ўзгартиришлар киритдик. Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам энди ўз вакиллари – депутатлар орқали туманларни бошқаришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда.

Барчангиз хабардорсиз, шу йил 24 декабрда илк бор пойтахтимиз туман кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

Ана шу сайловларда эл-юрт учун чинакам жон куйдирадиган, одамийлик фазилатлари ва гражданлик позицияси билан аҳоли ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган инсонлар халқ ноиблари этиб сайланадилар, деб ишонамиз.

Ўтган даврда ижро этувчи ҳокимиятни демократлаштириш ишлари ҳам изчил олиб борилди. Ҳукуматнинг вазифа ва ваколатлар доираси кенгайтирилиб, парламент олдида ҳисоб бериш даражаси ва масъулияти кучайтирилди.

Бу Конституциянинг 7-моддасида мустаҳкамланган «халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган улуғвор ғоянинг амалий ифодаси, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади. 

Шу билан бирга, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга экани, жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби судда аниқ бўлмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги тўғрисидаги конституциявий нормаларни амалда таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилди.

Албатта, бу қоидани ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш, биринчи навбатда, судларнинг чинакам мустақиллиги, уларнинг адолатли фаолият юритиши билан чамбарчас боғлиқ.

Шу мақсадда биз суд тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор бериб келмоқдамиз. Жумладан, ягона суд амалиётини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди.

Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.

Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу асосда судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди.

Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлат идоралари томонидан бузилса, улар ҳар бир туман ва шаҳарда тузилган маъмурий судларга мурожаат қилишлари мумкин.

Судларнинг халқ олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида янги тайинланаётган судьялар тегишли ҳудуд жамоатчилиги, маҳалла фаоллари муҳокамасидан ўтказилмоқда. Фуқароларнинг ижобий фикри мавжуд бўлган тақдирдагина улар лавозимга тайинланмоқда.

Суднинг тарбиявий ролини кучайтириш, унинг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, суд ҳукмларини қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга олишга жиддий эътибор қаратилди.

Шу мақсадда суд ишларини сайёр тартибда кўриш йўлга қўйилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида судлар томонидан 373 минг 256 та иш кўриб чиқилган бўлса, шундан 169 минг 289 таси ёки 45 фоизи сайёр суд муҳокамаларида кўрилди.

Ишларни назорат тартибида кўриш муддатлари уч йилдан бир йилга қисқартирилди. Апелляция ва кассация инстанциялари босқичида иш юзасидан юқори суд инстанцияси томонидан якуний қарор чиқариш кафолатлари мустаҳкамланди. Шу тариқа фуқароларимизнинг судма-суд овораю сарсон бўлиб юриши каби салбий амалиётга барҳам берилди.

Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш тартиби бекор қилинди. Бу эса суд ва тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиш борасидаги масъулиятини оширди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Ҳолбуки, илгари битта оқлов ҳукми чиқариш ҳам судлар фаолиятида ўта кам учрайдиган ҳодиса эди.

Терговнинг сифати яхшиланиб, терговчилар масъулияти оширилди. Хусусан, шу давр мобайнида тергов органлари томонидан 238 та ҳолатда жиноий ҳодиса юз бермагани аниқланди. 302 та ҳолатда жавобгарликка тортиш муддати ўтгани, 370 та ҳолатда айбдорлар қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлгани инобатга олинди. 549 та ҳолатда қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотгани, 1 минг 636 та ҳолатда қилмишда жиноят таркиби йўқлиги исботланди. Ана шундай асосларга таяниб, 3,5 мингдан ортиқ жиноят иши тугатилди.

Ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик фикрини инобатга олиш амалиёти йўлга қўйилди.

Маҳалла фуқаролари йиғинлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида судланувчиларга, айниқса, ёшларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланмоқда. Уларнинг тўғри йўлга қайтишлари учун яна бир бор имконият берилмоқда.

Хусусан, шу йилнинг ўзида маҳалла фуқаролари йиғинлари кафиллиги асосида – 152 нафар, Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида – 18 нафар, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида – 3 нафар, жами 173 нафар фуқарога нисбатан жазо тайинлашда жамоатчилик кафиллиги эътиборга олинди. Бу фуқароларнинг 38 нафарини ёшлар, 18 нафарини вояга етмаганлар, 11 нафарини аёллар ташкил этади. Масалан, биргина Шайхонтоҳур туманида 15 нафар шахсга нисбатан жазо тайинлашда маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафиллиги эътиборга олинди.

Ана шундай ишлар натижасида мамлакатимиз бўйича 63 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди, 11 нафар шахс жавобгарликдан озод қилинди, 97 нафар шахсга нисбатан енгилроқ жазо тури қўлланди.

Ҳурматли маросим қатнашчилари, келинг, бир ўйлаб кўрайлик: аслида, одамни суд қилишдан мақсад нима? Уни тарбиялаш, тўғри йўлга солиш эмасми?  Жиноятчиликнинг олдини олиш эмасми?

Лекин инсонни фақат жазолаш билан, фақат репрессив усуллар билан тарбиялаб бўлмайди. Бунинг учун бутун жамият ҳаракат қилиши, авваламбор, жиноий ҳолатларни туғдирадиган сабаб ва омилларни ҳаётимиздан бартараф этишимиз керак. Барчамиз биргаликда шу ишга ҳисса қўшишимиз керак.

Айни вақтда ҳаммамиз яхши тушунамизки, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон манфаатларининг чинакам ҳимоячисига айлантириш учун ҳали кўп иш қилишимиз зарур.

Аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқот натижалари бир ҳақиқатни яққол кўрсатмоқда: суд-тергов амалиётида далилларни тўплаш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар тўлиқ бартараф этилмаган.

Шунинг учун ҳам ўтган ҳафтада “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга биноан бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа шафқатсиз зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди.

Бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилади.

Жиноят ишлари доирасида ноқонуний усуллар билан олинган ҳар қандай маълумотлардан, жумладан, аудио ва видео материаллардан, ашёвий далиллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Қийноққа солиш, ҳимояга бўлган ҳуқуқни бузиш, инсонни алдаш ва тергов жараёнида бошқа ноқонуний усулларни қўллаш ман этилади.

Далилларни сохталаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий қилинади. 

Эндиликда адвокатлар жиноят иши бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу далиллар тергов ва суд идоралари томонидан мажбурий текширилиши ва баҳоланиши керак.

Қийноққа солиш каби ноқонуний усулларни қўллашни қатъиян чеклаш мақсадида тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади.

Энг муҳими, ноқонуний усуллар қўллаш тўғрисидаги биронта ҳам хабар эътиборсиз қолмаслиги шарт. Прокуратура органлари ҳар бир ҳолат бўйича чуқур текширув ўтказиб, айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлайди.

Биз суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида аҳамият бераётганимиз бежиз эмас. Чунки, Конституциямизда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларини таъминлаш ушбу ислоҳотларнинг амалий натижаси билан бевосита боғлиқдир.

Бу жараёнда энг асосий эътибор фуқароларимизга ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратишга қаратилди. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Шу асосда аҳоли учун мақбул бўлган усуллар – ишонч ва тезкор алоқа телефонлари орқали ҳамда видеоконференц-алоқа воситасида мурожаат қилиш тартиби жорий этилди.

Фуқароларимизнинг Конституцияда муҳрлаб қўйилган давлат органлари ва муассасаларига, халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида оммавий учрашувларда мурожаатларни қабул қилиш тартиби белгиланди. Бугунги кунда фуқароларимиз мансабдорлар олдига эмас, балки мансабдор шахсларнинг ўзи халқимиз олдига бормоқда. Бу – катта ўзгариш.

Жорий йилда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказди. Бу қабулларда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш билан боғлиқ муаммолар бўйича 43 минг 127 нафар фуқаро иштирок этди.

Бу тадбирларда фуқаролар томонидан кредит ажратиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари қарорларига доир, бандлик ва иш ҳақи тўловлари, тадбиркорлик, электр ва табиий газ таъминоти, соғлиқни сақлаш ва бошқа масалаларга оид 22 минг 186 та мурожаат билдирилди.

Мурожаатларнинг 6 минг 484 таси жойида ҳал этилди, 15 минг 702 таси тегишли органларга кўриб чиқиш учун топширилди. 94 та ҳолат юзасидан хизмат текширувлари тайинланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги белгиланди.

Шу борада яна бир муҳим ҳужжат – “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида” янги Қонун қабул қилинди.

Унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имконияти янада оширилди.

Бундан кейин фуқароларимиз ҳар қандай давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳуқуқий ахборотни ҳеч қандай чекловсиз олиши кафолатланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларимиз тизимини такомиллаштириб бориш ҳам эътиборимиз марказида бўлди.

Конституциямизда муҳрлаб қўйилган “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли” ҳамда “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида” деган нормаларни амалда рўёбга чиқариш мақсадида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти таъсис этилди.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолияти такомиллаштирилди.  Унинг жазони ижро этиш муассасаларида назоратни амалга оширишга оид ваколатлари кенгайтирилди.

Адашиб жиноят йўлига кирган ёки содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни жамиятга, оиласи бағрига қайтариш муҳим ижтимоий масалалардан бири ҳисобланади. Нега деганда, улар ҳам Ўзбекистон фуқаролари, шу юрт фарзандларидир.

Бугунги тарихий сана арафасида мен Президент сифатида ўзимнинг конституциявий ваколатимдан фойдаланиб, судлар томонидан ҳукм қилинган 2 минг 700 нафар шахсни авф этиш тўғрисидаги Фармонни имзоладим.

Бундай Фармон Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинди.

Ҳаммамизга  яхши маълум, шу вақтгача мамлакатимизда ҳар йили амнистия актлари қабул қилинар эди. Амнистиянинг асосий мазмуни шундан иборатки, у аввал жиноятлар тоифасини белгилаб беради, кейин эса ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар аниқланади.

Албатта, амнистия жиноят содир этган одамларни кечириш бўйича муҳим механизмлардан бири. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдиндан чуқур ўрганмасдан туриб жавобгарликдан озод қилишни белгилаш қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия доирасига кириб қолишига сабаб бўлган. Бу масалада, минг афсуски, коррупция ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

Бу эса ана шундай кимсаларда жазони ҳис этмаслик, бизга ҳамма нарса мумкин, деган нотўғри кайфиятнинг шаклланишига олиб келган.

Энг ёмони, амнистияни қўллашда жабрланган тараф ва жамоатчилик фикри инобатга олинмаган, бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шунинг учун, афсуски, амнистия бўйича озод қилинган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Ана шу ҳолатларни инобатга олиб, махсус комиссия томонидан жазо ўтаётган ҳар бир шахс билан алоҳида суҳбат ўтказилди, у яшаган маҳалла аҳли, жабрланган одамларнинг фикри ўрганилди.

Бу жараёнда содир этилган жиноятнинг оғирлик даражаси, суд тайинлаган жазонинг қанчалик адолатли экани ҳам эътиборга олинди. Чуқур таҳлил ва ўрганишлар натижасида чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларнинг аниқ доираси белгиланди ва айнан шундай шахслар авф этилди.

Ўйлайманки, Президент томонидан кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган юксак ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшади, жамиятда ўз ўрнини топади.

Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратишни жоиз, деб биламан.

Маълумки, давлат органларига кадрларни танлашда эскидан сақланиб қолган, қўштирноқ ичидаги бир “тизим” мавжуд эди. У ҳам бўлса, яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ. Бундай номаъқул ёндашув туфайли кўплаб ёшларимиз, малакали мутахассисларимиз “беайб айбдор бўлиб”, яқин қариндошларининг қилмишлари учун жабр тортиб келдилар.

Ўзингиз айтинг, бу адолатданми? Нима сабабдан бир жиноят учун бутун бир авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши керак?

Демократик нормаларга ҳам, ҳаётнинг бугунги талабларига ҳам мутлақо тўғри келмайдиган бундай адолатсиз “тизим”дан биз энди бутунлай воз кечамиз.

Ҳурматли юртдошлар!

Конституциямизнинг 37-моддасида белгиланган мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги қоидага қатъий амал қилиш учун йил давомида бир қатор ишлар бажарилди.

Хусусан, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилди. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси тузилди. Депутат ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳлар республикамизнинг барча ҳудудларига чиқиб, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича парламент назоратини амалга оширмоқда.

Мана, бу йил ҳаммангиз кўрдингиз, эшитдингиз, биз бюджет ташкилотлари ходимлари ва талабаларни мажбурий равишда пахта теримига чиқаришни қатъиян тақиқладик.

Пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тизимли мониторинг йўлга қўйилди.

Бу муҳим масалани аввало ўзимиз қаттиқ назоратга олганимиз туфайли биронта салбий ҳолат аниқланмади. Амалга оширилган ишлар самараси халқаро ташкилотлар, қолаверса, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда.

Инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ҳаракатларимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор тараққиёт мақсадларига тўла ҳамоҳангдир.

Бу ҳолат тарихимизда биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд ал-Ҳусайн ҳамда Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳид томонидан ҳам эътироф этилди.

Таъкидлаш керакки, Конституциямизда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг асосий принциплари ўз аксини топган. 2018 йил ушбу декларациянинг 70 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланади. Биз ҳам инсон ҳуқуқларига оид биринчи универсал халқаро ҳужжат бўлган мазкур декларациянинг мазмун-моҳиятини атрофлича тарғиб этиш учун махсус Давлат дастурини қабул қиламиз.   

Ана шундай амалий тадбирларимизнинг якуни сифатида 2018 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё халқаро анжуманини ўтказиш ташаббуси билан чиқмоқдамиз.

Ҳаммангизга аёнки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ички ишлар идоралари ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан ўтган даврда ушбу идораларнинг фаолияти ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Халқ манфаатларига хизмат қилиш улар фаолиятининг асосий мезони этиб белгиланди.

Жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида янги дастур ва режалар амалга оширилмоқда. Жумладан, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда. Маҳаллалар, кўчалар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида 114 мингдан ортиқ видеокузатув воситаси ўрнатилди. Уларнинг ёрдамида  10 мингга яқин жиноят фош этилди.  Йил давомида жиноятчилик даражаси 2016 йилга нисбатан 14 фоизга камайди ва бунда ана шу ишларнинг аҳамияти катта бўлди.

Бу соҳадаги мақсадимизни қисқача ифода этадиган бўлсак, биз келажакда эл-юртимизнинг ишончи ва меҳрини қозонган, том маънодаги халқчил ички ишлар тизимини яратишимиз керак.

Албатта, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш натижасида бу борадаги ишларимиз самараси янада ортиб боради.

Айни вақтда бу ишлар катта йўлнинг бошланиши, дастлабки босқич эканини ўзимизга яхши тасаввур этамиз. Жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” деган принципни қарор топтириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Мазкур йўналишдаги эътиборга молик ишлар қаторида коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши давлат аппарати ва фуқаролик жамияти институтларининг ушбу хавфли иллат билан курашдаги куч ва имкониятларини бирлаштириш имконини берди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолият мазмуни бутунлай ўзгарди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизими яратилди. Фақат жазолаш билан қўрқитиб, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш энг долзарб вазифага айланди.

Маълумки, Асосий қонунимизда “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши” тўғрисидаги норма белгилаб қўйилган. Унинг ижросини амалда таъминлаш мақсадида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилинди.

Концепцияга асосан давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 та устувор йўналиши белгиланди ва махсус «йўл харитаси» бўйича 100 дан ортиқ ижро ҳокимияти органлари фаолияти қайта кўриб чиқилмоқда.

Маъмурий ислоҳотларни амалга оширишдан асосий мақсад – ихчам ва профессионал ижро органлари тизимини, замонавий менежментга асосланган бошқарув тизимини яратишдан иборат.

Шу борада бир фикрни ҳаммамиз чуқур тушуниб олишимизни истардим.

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси авваламбор юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган,  Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқ.

Шу мақсадда яна бир муҳим ҳужжат – “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.

Бу ҳақда гапирганда, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан зиёдини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини таъкидлаш лозим. Биз ёшлар учун уларнинг соғлом туғилишидан бошлаб, токи мустақил ҳаётга киргунича барча зарур шароитларни яратиб бериш мақсадида қандай катта ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум.

Айни пайтда фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг замон талабларига мос келмаслиги ҳам сир эмас. Ушбу соҳага бир пайтлар эътиборимизни сусайтириб юборганимиз оқибатида кўпгина муаммолар йиғилиб қолганини очиқ айтиш лозим.

Боғча тарбиясини кўрган боланинг онги, дунёқараши қандай юқори бўлишини бугун кимгадир исботлаб ўтиришнинг, ўйлайманки, ҳеч қандай ҳожати йўқ.

Бу ҳолатларнинг барчасини ҳисобга олиб, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Мазкур вазирлик зиммасига маъмурий ислоҳотлар доирасида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, бир қатор муҳим вазифалар юкланди.  

Бу борада қабул қилинган дастурга мувофиқ яқин 2-4 йил мобайнида юртимиздаги барча ҳудудларда – бу катта шаҳарлар бўладими ёки олис қишлоқ ва овуллар бўладими, минглаб янги боғчаларни қуришимиз зарур.

Уларни замонавий талаблар асосида жиҳозлаб, малакали тарбиячи ва мутахассислар, янги методика билан таъминлашимиз керак.

Ўзингиз тасаввур қилинг, қишлоқда яшаётган оналар учун, опа-сингилларимиз учун ўз фарзандини боғчага бериш имконияти қандай янги, қандай кенг шароитлар туғдиради. Бола боғчада соғлом турмуш асосида, мактабга тайёр бўлиб вояга етади.

Ҳурматли аёлларимиз боласидан кўнгли тўқ бўлиб, ижтимоий меҳнат билан, уй-рўзғор ишлари билан бемалол шуғулланади. Қолаверса, уларда дам олиш, ўз соғлиғи ҳақида ўйлаш учун озгина бўлса ҳам шароит пайдо бўлади.     

Шунинг учун мактабгача таълим соҳасида ана шундай улкан ислоҳотларни ҳаётга жорий этиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Қанчалик қийин бўлмасин, бу тарихий вазифани амалга оширишимиз шарт ва уни барчамиз биргаликда албатта амалга оширамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Маълумки, Конституциямизнинг 53-моддасида «Давлат иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлиги ва муҳофаза этилишининг кафолати», деб белгилаб қўйилган. Бу фикрнинг амалий исботи сифатида жорий йилда миллий валютамиз – сўмнинг эркин конвертациясига йўл очилди.

Божхона тўловлари ставкалари 2 баробар пасайтирилди, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинди.

Халқимиз учун муносиб ҳаёт даражасини яратиб бериш мақсадида, энг аввало, кучли иқтисодиётни барпо этиш, мамлакатимизнинг халқаро майдонда ҳар томонлама рақобатбардошлигини таъминлашимиз зарур.

Бугунги кунда дунё миқёсида шафқатсиз рақобат тобора кескин тус олмоқда. Бундай мураккаб шароитда замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш бўйича биз узлуксиз иш олиб боришимиз керак.

Нега деганда, бу масала ҳозирги вақтда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини барқарор ривожлантириш, Ватанимизнинг ёруғ келажагини бунёд этишнинг ҳал қилувчи омилига айланмоқда.

Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармон айни шу мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан ғоят муҳим аҳамиятга эга.

 Азиз юртдошлар!

Фуқароларимизнинг Конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш борасида йил давомида қишлоқ жойларда янги намунавий лойиҳалар асосида 24 мингта, шаҳарларда 187 та замонавий кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди.

Аҳолини марказлаштирилган тармоқлар орқали сув билан таъминлаш мақсадида 218 та лойиҳа амалга оширилиб, 350 минг кишининг сув таъминоти яхшиланди.

2017 йилда қишлоқ врачлик пунктлари негизида 800 га яқин оилавий поликлиникалар, 400 дан зиёд тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилди. Тез тиббий ёрдам хизматлари 1 минг 260 та махсус транспорт воситаси билан таъминланди. 300  дан ортиқ мактабгача таълим муассасаси таъмирдан чиқарилди.

Ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш, кўмак ва ёрдамга муҳтож инсонлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун муносиб шароит яратиб бериш масаласига давлатимиз ва жамиятимиз томонидан устувор аҳамият қаратилди.

Шу борада жорий йилнинг ўзида ногиронларга 2 триллион 600 миллиард сўм пенсия ва нафақалар тўланди.

Кам таъминланган, уй-жойга муҳтож 1 минг 200 дан ортиқ ногирон фуқароларга арзон уй-жой ажратиш бўйича шартномалар имзоланиб, бошланғич тўловлар учун 22 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Меҳнатга лаёқати чекланган 972 нафар ногирон аёлга касаначилик билан шуғулланиш учун тикув машиналари олиб берилди ва  улар учун доимий даромад манбаи яратилди. 

Шу тоифага мансуб фуқароларга 7 мингдан ортиқ протез-ортопедия воситалари, 6 минг 500 дан ортиқ ногиронлик аравачалари, 1 минг 600 га яқин эшитиш аппаратлари бепул берилди.  

Ногиронлиги бўлган ва нафақа ёшидаги фуқароларнинг даволаш-профилактика муассасаларида бепул даволаниши учун 23 минг 500 га яқин йўлланма ажратилди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Лекин аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга малакали тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш бўйича ҳали олдимизда кўп ишлар турибди.

Шунинг учун бу борадаги ишларимизни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия тузилиб, соҳада чуқур ўрганишлар ўтказилди.

Кенг жамоатчилик вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди ва бу борада қўшимча имтиёз ва имкониятлар берилди.

Бу йўналишда яна бир муҳим ҳужжат – “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинади.

Бу масалаларни ҳал қилиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида ташкил этилаётган Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси самарали фаолият кўрсатиши керак. Шунингдек, ёлғиз қариялар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларини ижтимоий муҳофаза қилишга  ихтисослаштирилган махсус тузилма ўз ишини кучайтириши талаб этилади.   

Бундай савобли ишларни рўёбга чиқаришда жамоатчилигимиз, бутун халқимиз албатта фаол иштирок этади, деб ишонаман. 

Ҳурматли маросим иштирокчилари!

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича олдимизда улкан ва муҳим вазифалар турганини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз.  

Бу борада ҳар қандай ислоҳот конституциявий тамойил ва қоидаларга мувофиқ тарзда амалга оширилиши, қонун устуворлиги бош мезон бўлиши зарур.

Бизнинг мақсадимиз – халқ ҳокимиятини сўзда эмас, амалда таъминлашдан иборат. Бу – биз яшаётган бугунги мураккаб даврнинг асосий талабидир. Такрор айтишга тўғри келади – одамларимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни бугун кутмоқда.

Шу сабабли биз ўз фаолиятимизни  «Буюк келажак бугундан бошланади» деган шиор асосида ташкил этишимиз, халқимизнинг  фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч ва салоҳиятимизни ишга солишимиз зарур.

Бу ҳақда сўз юритганда, эътиборингизни қуйидаги устувор масалаларга қаратмоқчиман:

Биринчидан, давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши шарт.

«Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланиши керак.

Мунтазам равишда жойларга чиқиб, одамларнинг эҳтиёжлари, муаммолари билан яшаш ва уларнинг ечимини топиш вазифаси мансабдорлар томонидан хўжакўрсинга эмас, балки амалда таъминланиши зарур.

Маълумки, биз халқ ичига кириб бориш, аҳоли билан мулоқот ўрнатиш йўлида биринчи қадам сифатида ҳар бир туман ва шаҳарда Халқ қабулхоналарини ташкил этдик. Улар одамларнинг кўплаб муаммоларини ечишда амалий ёрдам берадиган яхлит тизимга айланди. Бир йилда
1,5 миллионга яқин мурожаат кўриб чиқилди.

Бугунги кунда аҳолимизнинг Халқ қабулхоналарига бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда. Ушбу тузилмаларнинг давлат органлари мансабдор шахслари масъулиятини оширишдаги роли борган сари кўпроқ сезилмоқда.  

Барчамиз яхши тушунамиз, халқимизнинг ҳаёт даражаси ўсиши, кўпгина муаммолар ҳал қилиниши билан Халқ қабулхоналарига мурожаатлар камайиб боради. Шунинг учун бу қабулхоналар имкониятларини биз давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига йўналтирамиз.

Шу мақсадда барча давлат идоралари ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни Халқ қабулхоналари орқали самарали ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шу муносабат билан Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматига ушбу масалалар билан бевосита шуғулланиш вазифасини юклаш кўзда тутилмоқда.

Мазкур хизмат таркибида янги тузилма ташкил этиб, унга Тезкор давлат хизматлари агентлиги деб ном берсак, айни муддао бўларди.

Маълумки, ҳаммамиз деярли ҳар куни турли идораларга мурожаат қиламиз.

Дейлик, нотариус, архив ёки кадастр идорасидан, газ, электр, сув таъминоти ташкилотидан ёки маҳалладан оддий бир маълумотнома олиш учун баъзан кун бўйи навбатда туришга тўғри келади.

Ана шундай, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган ишлар учун одамларнинг қанча вақти, асаби кетади. Шуларнинг ҳаммасини бир жойда, марказлаштирган ҳолда, тезлик билан ҳал қилса бўлади-ку!

Мамлакатимизда барча шаҳар ва туманларда, мисол учун, олис Чимбой ёки Қўрғонтепа туманида ҳам аҳолига давлат хизматларини кўрсатадиган идоралар мавжуд. Улар халққа хизмат қилиш учун тузилган. Лекин, афсуски, аксарият ҳолларда улар халқдан узилиб қолган, десак, буям тўғри бўлади.

Аслида XXI асрда – Интернет ва ахборот коммуникациялари даврида бу ишларнинг барчасини уйдан чиқмасдан туриб, компьютер ёки уяли телефон орқали бажариш имкони бор-ку!

Ривожланган давлатларда бундай тизим аллақачон йўлга қўйилган. Шу тизимни юртимизда ҳам жорий этишга, нима, имкониятимиз йўқми? Бор, албатта. Фақат биз бу масалага қандайдир арзимас, майда масала,  деб қарашга ўрганиб қолганмиз.

Ҳолбуки, инсон ҳаёти, инсон манфаати билан боғлиқ соҳаларда майда нарсанинг ўзи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

Шунинг учун биз энди давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги ишни мутлақо янгича асосда ташкил этамиз. Энди давлат хизматини кўрсатадиган ташкилот ва тузилмалар бевосита жойларга, маҳаллаларга чиқиб, аҳолига хизмат кўрсатади.

Вилоятлар, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналари бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб, назорат қилиб боради. 

Ана шундай тизимни йўлга қўйсак, ўйлайманки, халқимизга катта енгиллик яратилади, одамлар биздан рози бўлади.  

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига дахлдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 15 кун муддатда ушбу масала бўйича Президент қарори лойиҳасини киритиш вазифаси топширилади.

Иккинчидан, халқ ҳокимиятчилиги ҳақидаги конституциявий тамойилнинг асл моҳиятини барчамиз чуқур англаб етишимиз зарур.

Бунинг учун турли даражадаги ижро ҳокимияти органларининг халқ вакиллари – парламент ва маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобот бериш амалиётини кенг жорий қилиш керак. Парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати механизмларини янада ривожлантиришимиз зарур.

Ҳар бир давлат хизматчиси халқ олдида масъул эканини ҳеч қачон унутмаслиги лозим.

Шу билан бирга, давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини  таъминлаш ҳам ушбу тамойилни амалда қарор топтиришнинг ажралмас шарти ҳисобланади.

Одамларимиз давлат органлари, шунингдек, ўзлари сайлаган вакиллар нима билан шуғулланаётганини билишлари, уларнинг фаолиятига холисона баҳо бера олиши учун барча имкониятларни яратишимиз даркор.

Учинчидан, биз учун энг катта бойлик бўлган  аҳоли саломатлигини сақлашга оид конституциявий нормалар ижросини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиши лозим.

Бу борада малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш тизими  самарадорлигини ошириш биринчи даражали вазифамиз бўлиб қолади. Жамиятда соғлом турмуш тарзини ва тиббий маданиятни оммалаштириш бўйича ҳам жиддий иш олиб боришимиз зарур.

Тўртинчидан, бизнинг фаолиятимиз энг муҳим конституциявий қоидага – ижтимоий адолат тамойилини таъминлашга қаратилиши шарт. 

Ижтимоий адолат – бу сиёсий қараши, жинси, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида барча фуқароларнинг тенглигини таъминлашдир. Бу – таълим, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги имкониятлар тенглигидир. Бу – кафолатланган меҳнат фаолияти эркинлиги, мансаб лавозимлари бўйича кўтарилиб боришдаги имкониятлар тенглигидир. Энг муҳими, бу – кекса авлод вакиллари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар тўғрисидаги ғамхўрликдир.

Жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш борасидаги асосий вазифамиз – бу адолатли қонунлар қабул қилишдан иборат.

Қисқача айтганда, қонун адолатли бўлса, у инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилса, шундагина одамлар қонунни ҳурмат қилади ва унга итоат этади.

Бешинчидан, фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир.

Биз бугун, демократик ўзгаришлар даврида мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётида бевосита ва фаол иштирок этиш истагида бўлган фуқароларимизнинг салоҳияти тўла намоён бўлишини таъминлашимиз лозим.

Бу борада кўппартиявийлик тизими, партиялараро баҳс-мунозара, фикрлар ва дастурлар ўртасидаги рақобатни жадал ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига,  халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур.

Ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликлар, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиш улар  фаолиятида асосий мезон бўлиши керак.

Олтинчидан, бизнинг яна бир муҳим вазифамиз – фуқаролар, давлат ва жамият ўртасида ўзаро масъулият, ҳуқуқ ва бурч боғлиқ эканига оид принципни изчил амалга оширишдан иборат.

Бу принцип мамлакатимиз олдида турган муҳим вазифаларни ҳал қилишда давлат ва шахс, давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлайдиган конституциявий асосдир.

Биз барчамиз – фуқаролар ҳам, жамият ҳам, давлат ҳам Ватанимиз равнақи учун, мамлакатимизда тинчлик-барқарорликни мустаҳкамлаш учун, тарихий, маънавий ва маданий меросимизни сақлаш, бойитиш ва келгуси авлодларга безавол етказиш учун бирдек масъулмиз.

Юртимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳити, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни асраш ва мустаҳкамлаш мақсадида олиб бораётган ишларимизни янада кучайтиришимиз лозим.

Еттинчидан, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолади.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ана шу конституциявий қоиданинг изчил амалга оширилиши ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини жадал ривожлантириш бўйича олиб бораётган барча ишларимизнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсатини қатъий давом эттирамиз.

Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи давлат раҳбари сифатида менинг доимий эътиборим ва назоратимда бўлади.

Яна бир бор алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат, деб  қабул қилиш керак.

Саккизинчидан, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, мамлакат ташқарисида ҳам ўз фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаши ҳақидаги конституциявий қоиданинг ижросини сўзсиз таъминлашимиз шарт.

Афсуски, шу вақтга қадар чет элларда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига етарлича эътибор берилмади, десак, буям адолатдан бўлади.

Ана шу ҳолатни инобатга олиб, хорижда қонуний асосда меҳнат қилаётган, таълим олаётган фуқароларимизга бўлган муносабат бугунги кунда тубдан ўзгариб бораётганини таъкидлаш зарур.

Ўзбекистон ҳукумати бундан буён ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар томонлама ҳимоя қилади. 

Бу ишларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамларни бошладик. Россия билан меҳнат миграцияси бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистондан махсус делегациялар бориб, хориждаги ватандошларимиз билан учрашувлар ўтказмоқда.

Уларнинг меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича маҳаллий бошқарув идоралари билан биргаликда зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Чет эллардаги юртдошларимизга консуллик хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатиш, уларнинг юртимизга бемалол келиб-кетишлари, мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшишлари учун зарур шароитлар яратилмоқда. Биз бу ишларни келгусида янада кенгайтирамиз.

Яна бир муҳим масала –Конституция ва қонун устуворлиги ҳамда қонунийлик тамойилларининг сўзсиз таъминланиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатидир. Биз бу фикрни янада теран англаб олишимиз керак.

Шу нуқтаи назардан, Конституция ҳамда қонун талабларига оғишмай амал қилиш  маънавий савиямиз, маданиятимизнинг асосий мезонига айланиши шарт.

Биз жаҳон ҳамжамияти билан яқин ҳамкорликни изчил давом эттиришни ўз олдимизга қўйган улуғ мақсадларга етишнинг энг муҳим омили, деб биламиз.

Шу мақсадда дунёдаги барча узоқ-яқин давлатлар, биринчи навбатда қўшни мамлакатлар билан самарали алоқаларимизни янада кучайтирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган халқаро ташкилотлар вакиллари, чет давлатларнинг муҳтарам элчиларини самимий қутлашга ижозат бергайсиз.

Уларнинг барчасига яқин ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, масъулиятли фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилайман.

Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

Бугун биз жонажон Ватанимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқишдек юксак мақсад йўлида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз.  

Ишончим комил, ана шу олижаноб мақсадларга эришишда давлат органлари, кенг жамоатчилик, барча фуқароларимиз ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Конституцияга амал қилинишининг кафолати сифатида жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашни, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни ўзимнинг нафақат вазифам, энг аввало, муқаддас бурчим, деб ҳисоблайман. 

Ҳеч шубҳасиз, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги-янги авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.  

Сиз, азизларни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, фарзандлар, набиралар бахту камолини кўришни тилайман. 

Яратганнинг ўзи юртимизни бало-қазолардан асрасин, эзгу ишларимизда доимо мададкор бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат.