Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг 6-тури учрашувлари доирасида «Ливерпуль» Москванинг «Спартак» клубини мағлуб этди. Ливерпулдаги «Энфилд» стадионида кечган учрашув майдон эгаларининг 7:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Бу мағлубият Россия клубларининг еврокубоклардаги энг йирик мағлубиятига айланди. Шу вақтгача рус клублари ҳеч қачон халқаро майдонда 6тадан ортиқ тўп фарқи билан ютқазмаганди.

Бу натижа орқали «Спартак» Москванинг бошқа бир жамоаси ЦСКА томонидан қайд этилган антирекордни янгилади. «Армиячилар» 1993 йилнинг 17 мартида Чемпионлар лигаси доирасида «Марсель»га  0:6 ҳисобида ютқазганди.

1993 йилнинг 14 сентябрида УЕФА Кубогининг 1/32 финалида «Динамо» «Айнтрахт»га (Франкфурт-Майн) 0:6 ҳисобида ютқазган.

«Спартак»нинг турнирдаги бундан аввалги энг йирик мағлубияти 2002/03 йилги мавсумда қайд этилганди. Ўшанда ҳам жамоа «Ливерпуль»га ЕЧЛ учрашувида 0:5 ҳисобида ютқазган.