АҚШ президенти Дональд Трамп чоршанба куни Ал-Қудсни Исроилнинг пойтахти деб тан олинишини ва Америка дипломатик миссиясини бу шаҳарга кўчиришга тайёргарлик бошлаш ҳақида расман эълон қилгач, АҚШ конгрессига элчихонани кўчиришни формал жиҳатдан 6 ойга тўхтатиб туриш ҳақида билдиришнома йўллаган, деб ёзади ТАСС.

Сешанба куни Оқ уй вакилларининг тушунтиришларича, АҚШ элчихонасини Ал-Қудсга кўчириш ҳақидаги 1995 йилги қонунда белгилаб қўйилган бу тадбир Исроилдаги дипломатик миссиянинг ишлаши учун зарур бўлган маблағлардан ташқи сиёсат идорасини маҳрум қилмаслик учун қўлланилган. Президент маъмурияти вакилларининг таъкидлашларича, Ал-Қудсда янги дипломатик ваколатхона очилгунга қадар навбатдаги кейинга суриш зарур бўлиб туради. Шу муносабат билан, давлат раҳбари ушбу ҳужжатни яна бир неча бор имзолашига тўғри келади.

Ал-Қудснинг статуси — фаластин-исроил можароларида энг асосий муаммолардан бири. Исроилликлар шаҳарнинг шарқий қисмини 1967 йилги уруш натижасида босиб олишган. Улар Ал-Қудсни Исроилнинг ягона ва бўлинмас пойтахти деб иддао қилиб келишади. Фаластинликлар эса шаҳарнинг шарқий қисмини ўз пойтахти қилиш истагида.

Яқин Шарқдаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкин бўлган қадамлардан қочиб, АҚШнинг ўша пайтдаги президенти демократ Билл Клинтон ўз ваколатларидан фойдаланиб қонуннинг ишга тушишини ортга суриб келган. Клинтон ўрнини эгаллаган республикачи кичик Жорж Буш ҳам бу ишни давом эттириб, ҳаттоки 2000 йилги сайловолди чиқишларида элчихонани Ал-Қудсга кўчириш борасида сайловчиларга берган ваъдасини ҳам бажармаган эди. Барак Обама ҳам ҳар олти ойда ушбу қонуннинг кучга киришини ортга суриб турган.