Туркия АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиши бўйича қарорини қоралади ва уни қайта кўриб чиқишга чақирди. Бу ҳақда РИА Новости Туркия ТИВ баёнотига асосланиб хабар тарқатди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 6 декабрь куни Ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олинишини эълон қилди. Бу — АҚШ кейинги бир неча йил ичида ўз элчихонасини Тель-Авивдан Ал-Қудсга кўчиришини англатади; шу вақтгача АҚШнинг ҳеч бир президенти бунга журъат этмаганди. Трампнинг бу қарори дунё бўйлаб кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда, ҲАМАС эса 9 декабрни «ғазаб куни»га айлантиришга ваъда қилди.

«АҚШ маъмуриятининг Ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш ҳақидаги масъулиятсиз баёнотини қоралаймиз… Бу қарор минтақадаги тинчлик ва барқарорликка рахна солувчи ёмон оқибатларга эгадир. АҚШ маъмуриятини бу хато қарорни қайта кўриб чиқишга чақирамиз», — дейилган баёнотда.

Қайд этилишича, АҚШ президентининг бу қарори халқаро ҳуқуқ ва БМТ резолюциясига зид келади. «Ал-Қудснинг Исроил томонидан эгаллаб олиниши жаҳон ҳамжамияти томонидан рад этилади», дейилган баёнотда.

«БМТ резолюциясида Фаластин масаласи фақат чегараларни 1967 йилга қайтариш ва пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил давлат тузиш орқали ҳал қилиниши мумкинлиги айтилган. АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоси сифатида бу фактни рад этмаслиги керак. Туркия Фаластин мустақиллиги тарафдори бўлиб қолаверади», — дейилган ҳужжатда.

Қайд этилишича, АҚШнинг бу қарори 13 декабрь куни Истанбулда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ташаббуси билан ўтказиладиган Ислом Ҳамкорлик ташкилоти раҳбарлари ва Ташқи ишлар вазирларининг навбатдан ташқари йиғилишида кўриб чиқилади.