Туркия қўшни давлатларга, хусусан, Грецияга нисбатан ҳудудий даъволар қилмайди. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Афинада, Грецияга расмий ташрифи доирасида айтиб ўтди.

"Биз қўшни давлатлар дахлсизлигига тажовуз қилмаймиз", — деган туркияликлар раҳбари Греция бош вазири Алексис Ципрас билан учрашув вақтида. Сиёсатчиларнинг учрашуви NTV телеканалида трансляция қилинган.

Шу билан бирга, Эрдўған Греция президенти Прокопис Павлопулос билан учрашув вақтида 1923 йилги Лозанна келишувини қайта кўриб чиқишга чақирган.

"Лозанна келишувида айрим тушунарсиз жиҳатлар мавжуд. 94 йил олдин тузилган келишув нафақат Туркия ва Грецияга, яна 11 давлатга тааллуқли. Ўтган йиллар давомида дунё ўзгарди, Туркия ва Греция ўртасида ҳам кўп нарса ўзгарди. Мен халқаро ҳуқуқни яхши тушунаман, айтишим мумкинки, шартнома шартларини янгилаш мумкин ва биз буни қиламиз. Бунинг учун ўзаро келишиб олишимиз кифоя қилади. Дунё тажрибасида бунга мисоллар кўп", — деган Эрдўған Афинада Греция президенти билан учрашув чоғида.

Ўз навбатида, Греция президенти Павлопулос Лозанна тинчлик келишуви муҳокамага ва қайта кўриб чиқишга муҳтож эмаслигини таъкидлаган.

Лозанна тинчлик келишуви 1923 йил июлида бир томондан Буюк Британия, Франция, Италия, Япония, Греция, Руминия, Югославия, иккинчи томондан Туркия иштирокида тузилган, унда Усмонийлар империяси меросхўри бўлган Туркия Республикаси чегаралари белгилаб берилганди.

2016 йилнинг кузидаёқ Эрдўған ушбу келишувни қайта кўриб чиқиш истагини билдирганди. Ўшанда у Лозанна тинчлик келишувини Туркия учун фойдали бўлмагани учун танқид қилганди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Лозаннада Эгей денгизининг Туркия қирғоқлари яқинидаги ороллари Грецияга асоссиз равишда бериб юборилган.

"Бизнинг қирғоққа у ердаги овозлар эшитилиб туради. У ерда бизнинг масжидлар ва бошқа қадамжолар жойлашган", деганди Туркия президенти.

Грециядагилар шундан кейин Лозанна келишуви ва икки давлат ўртасидаги чегаралар ҳолати тақдири хавф остида қолганини қайд этишганди. Ўшанда Греция Миллий Мудофаа вазири Панос Камменос туркияликлар президентига "хавфли қадам ташламаслик"ни ва "грек оролларидан келаётган овозларни яхшилаб тинглаш"ни маслаҳат қилганди.