Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Халқаро Олимпиада қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бахга россиялик спортчиларнинг қишки Олимпиадада ғалабалари шарафига Россия байроғини кўтариш ва мадҳиясини ижро этишга рухсат бериш чақириғи билан очиқ мактуб йўллади.  

“Олимпия хартияси таъкидлаганидек, таҳқирлашнинг исталган шакли Олимпия ҳаракати тамойилларига тўғри келмаса-да, ХОҚнинг қарори россиялик “тоза” спортчиларни бошқа давлатлар спортчиларига нисбатан тенг бўлмаган шароитларга қўймоқда”, деб ўз мактубини бошлаган Усмонов.

“Россиялик спортчилар Олимпия ўйинлари саралаш босқичининг барча азоб-уқубатларидан ўтиб: а) ўз тақдирлари бўйича ХОҚ махсус комиссиясининг қарорини ойлаб кутишга мажбурлар; б) миллий Олимпия қўмиталари ташкиллаштирадиган кўмакдан ва энг асосийси, в) ўз ватанлари байроғи ва мадҳиясини эшитиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар”, деб қўшимча қилган Усмонов.

Усмонов, шунингдек, ХОҚга Рим ҳуқуқининг “Nulla poena sine lege” – "Айб йўқ, жазо йўқ” тамойилини эслатиб ўтди. “Айбсизларни жазолаш ва тиз чўктириш мумкин эмас. Бу инсон ва спортчининг шаънини камситади, қонун ва адолатга ишончига путур етказади. Спортчилар спортдаги қисқа умрларини бир қисқа лаҳза – ўз давлатлари байроғини осмонда кўриш ва ватанлари мадҳиясини эшитиш учун яшайдилар. Бу улар шон-шуҳратининг чўққиси, Эверестидир”, деб давом эттирган сўзларини Усмонов.

“Мен ХОҚ ижроия қўмитаси аъзоларини спорт Фемидаси тарозисига бир томондан айбдорларни жазолаш истагини, бошқа томондан россиялик “тоза” спортчилар ҳуқуқлари ва орзулари, Олимпия оиласи аъзолари сифатида тенг ҳуқуқли эканликларини қўйиб кўришга чақираман. Келинг, 2018 йилги Олимпиадада ғолиб бўладиган россиялик спортчиларга уларнинг спортдаги орзулари чўққисига эришиш ва Пёнгчанг осмонида ватанлари байроғини кўриш имконини берайлик”, деб ўз сўзларини интиҳолаган Усмонов.

5 декабрда ХОҚ допинг можароси сабабли Россия терма жамоасини 2018 йилги қишқи Олимпиададан четлаштирди. Ўзларининг допингга алоқалари йўқлигини исботлай оладиган россиялик спортчиларга Олимпиадада нейтрал байроқ остида иштирок этишга рухсат берилди.